
Манама (Баҳрайн) шаҳрида ўтказилаётган III Осиё ёшлар ўйинларида Ўзбекистон бокс терма жамоаси мусобақаларни муваффақиятли бошлади. Гарчи бир мағлубият қайд этилган бўлса-да, ўзбекистонлик боксчилар барқарор ва самарали натижалар кўрсатмоқда.
Кун дастлабки жангини аёллар терма жамоаси вакили Рухшонабону Ахадова 46 кг вазн тоифасида ўтказди. Филиппинлик боксчи Шаирилла Поресга қарши ўтган жангда кучлар тенг бўлди, аммо минимал устунлик билан рақиб 2:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Кун иккинчи жангидан рингга 80 кг дан юқори вазн тоифасида иштирок этаётган Асадбек Султонбоев чиқди. Унинг рақиби ҳиндистонлик боксчи Рахул бўлди.
Султонбоев жанг бошиданоқ ташаббусни қўлга олиб, фаол ҳаракат қилди ва рақибни доимий равишда канатга сиқиб борди. Биринчи раунддаёқ у танага ва бошга аниқ зарбалар йўллаб, ҳакамни жангни тўхтатишга мажбур қилди.
Натижада, Султонбоев техник нокаут билан ғалаба қозонди. Навбатдаги муваффақиятни 50 кг вазн тоифасидаги Назокат Мардонова қўлга киритди.
У японлик Руна Ито билан жангда ташаббусни бошиданоқ қўлга олди. Мардонова рингни яхши назорат қилиб, аниқ ва совуққонлик билан ҳаракат қилди.
Рақиб бир неча бор ташаббусни қўлга олишга уриниб кўрган бўлса-да, Мардонова ўзининг устунлигини сақлаб қолди. Якуний ҳисоб 5:0, Мардонова фойдасига.
Куннинг энг ёрқин жангларидан бири Абдуғани Ёрқинжоновнинг 46 кг вазн тоифасидаги кореялик рақиби Ли Чангвук билан ўтказган учрашуви бўлди. Ёрқинжонов биринчи раунддаёқ жангни тўлиқ назорат қилди, масофани қисқартириб, танага фаол зарбалар йўллади ва рақибга ҳужум қилиш имконини бермади.
Иккинчи раундда унинг устунлиги янада яққол кўзга ташланди. Учинчи раундда эса Абдуғани аниқ ўнг зарба билан кореялик боксчини нокдаунга тушириб, техник нокаут билан жангни якунлади.
Ўзбек боксчилари Осиё ўйинларини муваффақиятли бошлади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар