Ҳусанов — Гехи тандеми: уларга экспертлар қандай хулоса берди? (видео)

Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида чемпионат аутсайдери “Вулверхэмптон”ни қабул қилди ва Умар Мармуш ҳамда Антуан Семеньо биттадан гол урган ҳолда 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. “Шаҳарликлар” учун бу натижа фақат уч очко эмас, балки янги ишонч ва кайфият қайтганини ҳам англатди.
Ушбу беллашувда энг катта қизиқиш яқинда жамоага қўшилган англиялик марказий ҳимоячи Марк Гехининг дебютига қаратилди. У “Сити” мудофаасининг қоқ марказида Абдуқодир Ҳусанов билан елкама-елка ҳаракат қилди. Шу тариқа, Премьер-лигада мухлислар аллақачон “янги супертандем” деб атаётган дуэт — Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи жуфтлиги расман майдонга тушди.
Нуфузли манба — cityxtra.co.uk экспертлари ўйиндан кейин “Манчестер Сити” футболчиларининг ҳаракатларини баҳолаб, ҳар бири бўйича қисқа хулоса ҳам берди. Қуйида айнан шу таҳлил мазмуни мухлислар учун содда ва ёқимли тарзда жамланди.
Дарвозабон ҳақида:
Ўтган ҳафта дарвоза олдида иш ҳажми катта бўлганидан кейин, бу сафар нисбатан хотиржам кечган ўйин унинг учун яхши нафас ростлаш имкони бўлди. Стандарт вазиятларда у қадар ишончли кўринмади, аммо умумий ҳисобда жиддий муаммога йўл қўймади.
Матеуш Нуньеш — 8
Грипп сабабли танаффусдан кейин майдонга қайта олган Нуньеш ўзининг одатий жонли ва чаққон ўйинини намоён қилди. Ҳимоядаги яккакурашларнинг кўпини ютди, энг муҳими — Мармуш голига сабаб бўлган ажойиб узатмани амалга оширди.
Абдуқодир Ҳусанов — 7,5
Бу сафар ҳам у, дарвозабон каби, ўйинни нисбатан хотиржам ўтказишга эришди. Тўп билан хавфсиз, содда ва аниқ ҳаракат қилди. Энг эсда қолган жиҳат — Мармушга узатган узун паси: трибуналар “ҳай” дегунча қўзғалди. Афсуски, мисрлик ҳужумчи ўша эпизодни голга айлантира олмагани учун Абдуқодир ассистдан қуруқ қолди.
Марк Гехи — 8 (Ой футболчиси)
Гехи “Сити”да айнан шундай илк ўйинни орзу қилган бўлса керак. “Вулверхэмптон”нинг чекланган хавфларини осон бартараф этди, жамоанинг ҳимоядан ҳужумга тез ўтишига мослашиб кетди ва ўзини катта саҳнага тайёр футболчи сифатида кўрсатди. Экспертлар уни учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб баҳолади.
Нико О’Рейли — 8
Сўнгги пайтларда чап қанотда энг фаол кўринаётган футболчилардан бири айнан шу йигит. Мармуш марказга силжиганда ҳужум кенглигини сақлаб турди, шу билан бирга тез-тез ортга қайтиб, “бўрилар” ҳужумларини сўндирди.
Родри — 7,5
У ҳали ҳам тўпсиз ўйинда аввалгидек мутлақ ишонч бермаяпти. Бироқ тўп билан ҳаракатда “Сити” учун ҳали-ҳануз беқиёс аҳамиятга эга экани яққол кўринди: темпни ушлаб турди, ўйинни бошқарди, жамоани тартибга солиб берди.
Бернарду Силва — 8
Унинг меҳнати одатдагидек кўпинча кўринмас меҳнат бўлиб қолади, лекин бу сафар ҳам майдоннинг ҳар қиррасида жамоавий ўйинни “боғлаб” турди. Энг катта мукофот эса — Семеньонинг голига голли узатма. “Пас — топ”, деса бўлади.
Тижани Рейндерс — 7
Ёрқин ўйинчи, аммо бир соат давомида ўзини тўлиқ очиб беролмади. Шунга қарамай, унинг ҳаракатчанлиги, босими ва энергияси “Вулверхэмптон”га доимий безовталик олиб келди.
Антуан Семеньо — 8
Уни қанотларда ҳужум қудратини ошириш учун таклиф қилишган — ва Семеньо бу вазифани дарҳол бажара бошлади. Жамоадошлари билан яхши тушунди, чиройли гол урди, ҳатто яна биттасини уришга жуда яқин келди. Дебют ойидаёқ “мен борман” деди.
Райан Черки — 7
Унга “ёлғон тўққизлик”ка яқин эркин рол жуда мос келаётгандек. Ўйинни боғлаш, пас бериш учун тез-тез орқага тушиб турди. Фақат ҳал қилувчи вазиятларда қарорлари янада аниқроқ бўлганда, бир неча голли эпизодда асосий қаҳрамонга айланиши ҳам мумкин эди.
Умар Мармуш — 7,5
У ўзи яхши биладиган ролига — бироз чапроқда эркин ҳаракат қилишга қайтди ва бу қарор ўзини оқлади. Яккакурашларда ҳамма вақт ғолиб чиқмади, аммо ҳимоячилар ортига очилиши билан хавф яратди. Энг муҳими — тезкорлик ва ҳушёрлик билан Премьер-лигадаги мавсумдаги илк голини урди.
Захирадан тушганлар:
- Фил Фоден — 6,5: ўйинга қўшилиб, бир нечта ёқимли паслар берди.
- Жереми Доку — 6,5: қаттиқ тўқнашувларга қарамай, ўзини йўқотмади.
- Эрлинг Холанд — 6: захирадан тушиш унга осон кечмади, ўйинга тўлиқ киришиб кета олмади.
Хулоса қилиб айтганда, “Сити” бу баҳсда нафақат ғалабани, балки янги ҳимоя марказини ҳам топгандек. Ҳусанов — хотиржамлик ва тартиб, Гехи — тайёр лидерлик ва ишонч. Агар шу тандем барқарорлашса, “шаҳарликлар”нинг омадсиз серияси ҳам секин-аста ўтмишда қолиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!