
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Мисрни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратип, Ал Айн кубоги финалига йўл олди. Голларнинг иккаласини ҳам Отабек Урунов киритди, иккинчи бўлимда эса дарвозабон Нематов жамоани бир неча бор қутқариб қолди.
Учрашувни ўзбекистонлик футболчилар фаол бошлашди ва тезда ҳисобни очишди. Рақиб майдонида тўпни эгаллаб олган Урунов ҳимоячиларни айланиб ўтиб, узоқ бурчакка аниқ зарба берди.
Миср терма жамоаси ҳужумкор ўйинни танлади, аммо Ўзбекистон ҳимояси ишончли ҳаракат қилди. Бўлимнинг ўрталарига келиб, ўзбек футболчилари тезликни оширишди.
Шомуродов бир неча бор хавфли вазиятлар яратди, унинг бир зарбаси дарвоза тўрига йўналди, яна бири эса бироз устун устидан ўтиб кетди. Биринчи бўлимнинг охирларида Каннаваронинг жамоаси яна бир гол киритди.
Шукуров жарима майдонида Уруновни ажойиб пас билан топди, у эса хотиржамлик билан бўш дарвозага гол урди. Танаффусдан кейин ташаббус Миср томонига ўтди.
"Фиронлар" кўпроқ рақиб майдонида вақт ўтказиб, қанот ҳужумлари ва стандартлардан фойдаланди. Айниқса, Мустафа Муҳаммаднинг бош билан устун остига йўллаган зарбаси хавфли эди, аммо Нематов чиройли сакраш билан тўпни қайтарди.
Учрашув охирида Миср ҳужумларини давом эттирди, лекин ўзбекистонлик футболчилар ўйинни секинлаштириш ва ҳимояда ишончли ўйнашда давом этишди. Ҳусонов ва Абдуллаев муҳим тўпларни қайтариб олишди, заҳирадан майдонга тушган футболчилар эса ўртадаги прессни кучайтиришди.
Натижада, Ўзбекистон жамоаси ўйинни ўз фойдасига якунлаб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистон финалда Эронга қарши майдонга тушади.
Миср эса учинчи ўрин учун Кабо-Верде билан курашади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.