
«Барселона» раҳбарияти ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш борасида вариантларни синчиклаб таҳлил қилмоқда. Каталония клубидаги мутахассислар фикрича, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Натан Аке жамоа учун «Челси» футболчиси Аксел Дисасига нисбатан анча мос келади. Хусусан, Ханс-Дитер Флик қўл остида шаклланаётган янги тизимда нидерландиялик футболчининг универсаллиги ва тажрибаси катта аҳамият касб этиши қайд этилмоқда.
Маълумотларга кўра, Акенинг ўзи ҳам «кўк-анорранглилар» сафига ўтиш эҳтимолига ижобий қарайди ва бу вариантга нисбатан оптимистик руҳда. Бироқ эҳтимолий келишув осон кечмаслиги мумкин. Сабаби, «Манчестер Сити» раҳбарияти футболчини тўлиқ трансфер қилиш ёки уни бошқа йирик битимнинг бир қисми сифатида ишлатишни кўзламоқда. «Барселона» эса ҳозирча сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара вариантини афзал кўряпти.
Натан Аке 2020 йил ёзидан буён «шаҳарликлар» сафида тўп суриб келмоқда. Жорий мавсумда у барча мусобақалар доирасида 13 та учрашувда майдонга тушди. Футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, Акенинг ҳозирги бозор қиймати тахминан 18 миллион еврога баҳоланмоқда. Шу боис, «Барселона» учун ушбу трансфер молиявий жиҳатдан ҳам жиддий ҳисоб-китобларни талаб қилади. Каталония клуби эса ҳимояни сифатли ва оқилона кучайтириш орқали янги мавсумда юқори мақсадлар сари интилишни режалаштирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.