date

Тошкентда профессионал бокс кечаси: Жалолов, Ғиёсов ва Муллажонов ғалаба қозонди

Тошкентда профессионал бокс кечаси: Жалолов, Ғиёсов ва Муллажонов ғалаба қозонди
2025 йил 14 ноябр куни Тошкентда профессионал бокс кечаси ўтказилди. Унда Баҳодир Жалолов, Шаҳрам Ғиёсов ва Лазизбек Муллажонов ўз жангларини муддатидан аввал якунлаб, ғалаба қозонишди.

Ўзбекистонлик боксчилар ёрқин натижалар қайд этиб, миллий бокс мактабининг юқори савиясини яна бир бор тасдиқлашди. Кечанинг иккинчи асосий жангида Баҳодир Жалолов нигериялик Соломон Адебайо билан рингга чиқди.

Саккиз раундга мўлжалланган баҳс тўртинчи раундда Жалоловнинг аниқ зарбаси билан якунланди. У рақибини нокаутга учратиб, ўзининг 17-жангида 17-ғалабани қўлга киритди.

Адебайо эса 15 жанглик ғалабали сериясидан кейин илк мағлубиятини қабул қилди. Асосий жангда Шаҳрам Ғиёсов россиялик Марк Урвановга қарши рингга тушди.

WBA ярим ўрта вазн тоифасидаги мажбурий даъвогар мақоми учун ўтказилган жанг ҳам муддатидан аввал якунланди. Тўртинчи раундда ҳакам жангни тўхтатиб, техник нокаут сабабли ғалабани Ғиёсовга берди. Бу 32 ёшли ўзбекистонлик боксчининг 18 жангдаги 18-ғалабаси бўлди.

Яна бир муҳим жанг WBC CISBB супероғир вазн тоифасидаги камар учун ўтказилди. Унда Лазизбек Муллажонов нигериялик Монясаху Муритадор билан куч синашди. Учинчи раунд бошида рақиб жангни давом эттиришдан бош тортди.

Муллажонов ушбу ғалаба билан камарни қўлга киритиб, профессионал фаолиятидаги еттинчи ғалабасини қайд этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Тошкентда профессионал бокс кечаси: Жалолов, Ғиёсов ва Муллажонов ғалаба қозонди