
2025-йилда Римда бўлиб ўтган World Boxing Конгрессида Геннадий Головкин ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди. У мустақил комиссия томонидан тасдиқланган ягона номзод бўлди.
Аввалроқ бир нечта номзодлар ўз номзодларини кўрсатган эди. Бироқ, фақат Головкин мустақил комиссия томонидан тасдиқланди.
Ушбу комиссия Sport Resolutions — спорт арбитражи ва медитацияси бўйича етакчи халқаро марказ кўмагида ишловчи учта ташқи экспертдан иборат. Номзодларни синчковлик билан текшириш тизими World Boxing бошқарув стандартларига мослигини таъминлашни мақсад қилган.
Головкин ушбу лавозимда голландиялик Борис ван дер Ворстни алмаштиради. Ворст ўз муддатини якунлаб, қайта сайланишга номзодини қўймади.
Янги президент кейинги уч йил давомида ташкилотни бошқаради. "Мени World Boxing президенти этиб сайлашгани катта шараф.
Аммо бу фақат бошланиши. Бугундан бошлаб барча қарорларимиз марказида спортчилар туради.
Лос-Анжелес-2028 йўлида биз олимпиададаги боксга бўлган ишончни тиклаймиз ва унинг Брисбен ҳамда ундан кейинги йилларда давом этишини таъминлаймиз", деди Головкин. Римдаги конгрессда шунингдек вице-президент ва Ижроия кенгашининг икки аъзоси сайланди.
Канадалик Райан О’Ши вице-президент лавозимини сақлаб қолди, у тайландлик номзод Чайват Чотимага қарши курашда 57% овоз тўплади. Ижроия кенгашига немис Михаил Мюллер ва японлик Татсуя Накама сайланди, улар олтита номзод орасида энг кўп овоз тўплади.
Умуман олганда, овоз беришда 59 та миллий федерация иштирок этди. Улар овоз беришни мустақил оператор ва кузатувчилар назорати остида юзма-юз ва онлайн тарзда амалга оширишди.
Конгрессда World Boxing уставига ўзгаришлар киритиш ҳам маъқулланди, бу ўзгаришлар ташкилот 2025-йил феврал ойида Халқаро Олимпия Қўмитаси (XOҚ) томонидан дастлабки тан олиниши ортидан амалга оширилди. Бундан ташқари, 49 та янги миллий федерациянинг аъзолиги тасдиқланди.
Мусобақалардаги жинсий тенглик бўйича янгиланган қоидалар қабул қилинди. Конгресс 2025-йил учун молиявий ҳисобот ва 2026-йил учун бюджетни ҳам тасдиқлади.
Кейинги конгрессни Панамада ўтказиш қарори қабул қилинди. World Boxing ташкилоти 2023-йил апрел ойида боксни Олимпия дастурида сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган эди.
XOҚ 2025-йил 25-февралда ташкилотни расман тан олди. 1982-йилда туғилган Геннадий Головкин Қозоғистон тарихидаги энг буюк боксчилардан бири ҳисобланади.
У 42 та ғалаба, 2 та мағлубият ва 1 та дуранг натижаси билан профессионал фаолиятини якунлаган. 2024-йилдан бошлаб у Қозоғистон Миллий Олимпия Қўмитасига раҳбарлик қилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.