
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон "Барселона" футбол клубини сотиб олиш учун тахминан 10 миллиард евро таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда El Chiringuito журналисти Франсуа Галярдо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Мазкур келишувнинг асосий тўсиқларидан бири клуб аъзоларининг позицияси бўлиб, айнан уларнинг қарори мулк шаклининг ўзгаришини белгилаб беради. Таъкидланишича, бу таклиф жаҳон футболи тарихидаги энг йириклардан бири бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, якуний қарор фақат молиявий шартлар билан чекланмайди, балки ички овозлар натижасига ҳам боғлиқ бўлади, чунки "Барселона" клуб аъзоларига (socios) тегишли бўлган клуб ҳисобланади. Мазкур хабарлар фонида клуб президенти Жоан Лапорта ўз лавозимига қайта номзод бўлмаслигини маълум қилди.
Унинг амалдаги ваколат муддати 2027 йилда тугайди. "Барселона" Испаниянинг энг муваффақиятли клубларидан бири бўлиб, жами 80 та совринни қўлга киритган.
Жумладан, 28 марта Ла Лига чемпионлигини, 32 марта Испания Кубогини ва 15 марта мамлакат Суперкубогини ютган. Халқаро майдонда эса клуб 20 та соврин, жумладан, УЕФА Чемпионлар Лигасида беш марта ғалаба қозонган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.