"Истанбул Башакшеҳир" клуби Элдор Шомуродов бўйича қарор қабул қилди

Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби ўзбек футбол мухлисларини қувонтирадиган қарор қабул қилди. Жамоанинг етакчи ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг келажаги бўйича масала ҳал қилинди — клуб уни таркибда олиб қолишга бел боғлаган.
Айтилишича, жорий мавсумда юқори формада ҳаракат қилаётган, чемпионат тўпурарлари рўйхатида пешқадамлар сафида бораётган ўзбекистонлик форвард ишончни тўлиқ оқлаган. Шу сабаб «Истанбул Башакшеҳир» раҳбарияти «Рома»дан ижара асосида келган шартномадаги сотиб олиш бандини амалга туширган.
Журналист Салим Манав хабарига кўра, клуб 2,7 миллион евро миқдоридаги сотиб олиш опциясини расман ишга туширган.
"Рома" ҳам четда қолмайди
Шартнома шартларида яна бир муҳим банд бор: агар кейинчалик Шомуродов бошқа клубга сотилса, «Рома» трансфер суммасининг 10 фоизини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Элдор «Истанбул Башакшеҳир»га «Рома»дан ижара асосида келган, келишувда кейин тўлиқ трансферга ўтиш имконияти ҳам борлиги аввалдан айтилган эди.
Қисқаси, «Истанбул Башакшеҳир» ўзининг “гол кафолати”ни сақлаб қолмоқда. Энди энг қизиғи — Шомуродов бу ишончни мавсум охиригача янада катта натижалар билан мустаҳкамлай оладими? Мухлислар кутадиган жавоб шу.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!