
Ўзбекистон миллий футбол жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро 24 декабрь куни Италиянинг Неаполь шаҳрида қишки Олимпия ўйинлари машъаласини олиб ўтиш маросимида иштирок этади. Бу ҳақда NBC News нашри хабар берди. Тантанали тадбирда Каннаваро билан бирга собиқ таниқли футболчи Чиро Феррара ҳам қатнашиши айтилмоқда.
Манба маълумотларига кўра, ҳар икки спортчи ҳам Неаполь шаҳрида туғилган бўлиб, ушбу эстафета улар учун алоҳида рамзий аҳамият касб этади. Машъала олиб ўтиш маросимидан сўнг, католиклар Рождество байрами муносабати билан эстафета вақтинча тўхтатилади.
Қизиқ жиҳати шундаки, бир кун аввал ушбу маросимда машҳур актёр Жеки Чан ҳам иштирок этган. У аввалги ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида ҳам машъала кўтарган тажрибали иштирокчилардан бири сифатида танилган.
Олимпия машъаласи эстафетаси 6 декабрь куни Рим шаҳрида бошланган бўлиб, 6 февраль куни Миландаги Сан-Сиро стадионида ўтказиладиган очилиш маросими билан якунланади. Машъала Италиянинг турли ҳудудлари, жумладан Сицилия ва Сардиния ороллари бўйлаб ҳам олиб ўтилади.
XXV қишки Олимпия ўйинлари 6–22 февраль кунлари Милан ва Кортина-д’Ампеццода бўлиб ўтади. Мусобақада 90 дан ортиқ давлатдан келган 3,5 мингга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Халқаро Олимпия қўмитаси маълумотларига кўра, бу галги ўйинлар дастурига чанғи альпинизми илк бор киритилиб, унда эркаклар, аёллар ҳамда аралаш жамоалар ўртасида медаллар баҳсга қўйилади.
Қисқаси, Италияда ўтадиган қишки Олимпиада нафақат спорт, балки маданий ва тарихий руҳ билан ҳам мухлислар эътиборини тортиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.