date

Нури Шаҳин трансфер сиёсатида Шомуродов ва Файзуллаевни тилга олди

Нури Шаҳин трансфер сиёсатида Шомуродов ва Файзуллаевни тилга олди

"Истанбул Башакшеҳир" бош мураббийи Нури Шаҳин “Газиантеп”га қарши ўйиндан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоанинг қишки трансферлар ойнасидаги режалари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Мутахассис клубнинг имкониятлари, устувор йўналишлари ва кадрлар сиёсатига очиқ ойдин тўхталди.

Шаҳиннинг таъкидлашича, “Башакшеҳир” ҳозирги пайтда молиявий жиҳатдан осон шароитда эмас. Шу сабаб трансфер масалаларида ҳар бир қарор пухта ўйлаб қабул қилинмоқда. “Очиғини айтсам, жамоани кучайтириш масаласида бироз қийналяпмиз. Лекин ҳозирги таркибимиз ҳам жуда қимматли. Сифатни оширишнинг икки йўли бор: ё тайёр ва тажрибали футболчини оласиз, ёки истиқболли ёшларга сармоя қиласиз”, — деди у.

Бош мураббий бу фикрларини мисоллар билан ҳам мустаҳкамлади. У тажрибали ўйинчи сифатида Элдор Шомуродовни, келажак учун сармоя намунаси сифатида эса Аббосбек Файзуллаевни алоҳида тилга олди. Шаҳиннинг сўзларига кўра, клуб ҳар доим шу икки йўналишга очиқ бўлиши шарт — бу барқарор ривожланишнинг асосий шарти.

Мутахассис қайси позицияларда кучайтириш кераклигини жамоа аниқ билаётганини ҳам қўшимча қилди. Скаутлар гуруҳи, спорт директори ва раҳбарият билан яқин ҳамкорлик остида иш олиб борилаётгани, шу боис кўп эмас, балки аниқ ва мантиқий трансферлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. “Ё сифатни ошириб натижа қиламиз, ё келажак учун сармоя қиламиз. Бу борада ҳеч қандай иккиланиш йўқ”, — деди Шаҳин ишонч билан.

Маълумот ўрнида, “Башакшеҳир” сўнгги турда “Газиантеп”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу учрашувда Шомуродов гол ва ассист билан ажралиб чиққан бўлса, Файзуллаев ҳам бир марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу натижа Нури Шаҳин таърифлаган трансфер сиёсати амалда ўз самарасини бераётганини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нури Шаҳин трансфер сиёсатида Шомуродов ва Файзуллаевни тилга олди