
Эроннинг Ҳормуз бўғозида жойлашган Ҳормуз оролида ноёб табиий ҳодиса кузатилди. 16 декабрь куни ёққан кучли ёмғир орол соҳили ва саёз денгиз сувини қизил тусга киритиб, ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Маҳаллий аҳоли “Қизил пляж” деб атайдиган ҳудудда ёмғир сувлари темирга бой минерал тупроқларни ёнбағирлардан пастга оқизиб, денгизга қўшган. Натижада қум ҳам, сув ҳам ёрқин қирмизи рангга бўялиб, том маънода фантастик манзара юзага келган. Бу ҳолат акс этган видео ва суратлар Instagram ва бошқа платформаларда тез тарқалиб, минглаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди.
Мутахассисларга кўра, бу ҳодиса оролнинг ноёб геологияси билан боғлиқ. Ҳормуз ороли темир оксидига бой “голак” деб аталувчи қизил тупроғи билан машҳур. Кучли ёмғир пайтида ушбу минераллар сув билан ювилиб, соҳил ва денгизга тарқалади. Шу сабабли баъзи манбаларда у “қонли ёмғир” деб номланса-да, воқеада ҳеч қандай биологик ёки хавфли омил йўқ.
“Камалак ороли” номи билан ҳам танилган Ҳормуз йил давомида ранг-баранг тупроқлари, қияли соҳиллари ва тарихий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Қизил пляж эса ёмғирли кунларда янада сирли ва жозибали қиёфа касб этади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.