
Мадриднинг "Реал Мадрид" клуби қишки трансферлар ойнаси арафасида таркибни мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқда. Айниқса, ҳимоя чизиғида юзага келган муаммолар «қироллик клуби»ни тезкор ва ишончли ечим излашга ундамоқда. Шу жараёнда мадридликлар диққатини "Манчестер Сити" сафида тўп сураётган марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ўзига қаратди. Бу ҳақда Fichajes.net нашри хабар бермоқда.
Манба таъкидлашича, «Реал» ҳимоясида жароҳатлар кўпайгани сабаб жамоада ротация имкониятлари анча чекланган. Мураббийлар штаби эса мавсумнинг ҳал қилувчи қисми олдидан қисқа муддатда фойда бериши мумкин бўлган, бир вақтнинг ўзида ишончли вариант қидирмоқда. Ана шу нуқтаи назардан Ҳусанов номзоди энг мақбул ечимлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистонлик футболчи жисмоний тайёргарлиги, ҳаводаги яккакурашлардаги устунлиги ва замонавий марказий ҳимоячига хос ҳаракатлари билан мутахассислар эътиборини тортган. Шунингдек, унинг тўп билан ишлаш қобилияти, ҳимояда турли схемаларга тез мослаша олиши «Реал»нинг ўйин услубига мос келиши қайд этилмоқда.
Трансфернинг молиявий жиҳати ҳам муҳим омил сифатида кўрсатилмоқда. «Қироллик клуби» ҳозирча катта маблағ сарфлашни режалаштирмаяпти. Шу боис Ҳусановни тўлиқ сотиб олиш эмас, балки ижара асосида сафига қўшиб олиш варианти устувор ҳисобланмоқда. Бу қарор «қаймоқранглилар»га футболчининг имкониятларини амалда синаб кўриш имконини ҳам беради.
Fichajes маълумотига кўра, "Манчестер Сити" раҳбарияти ҳам футболчининг вақтинча бошқа жамоада ўйнашига кескин қарши эмас. Клуб Ҳусановнинг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишини муҳим деб ҳисоблаб, ижара вариантини мантиқий ечим сифатида кўрмоқда.
Шу билан бирга, «Реал Мадрид» ушбу эҳтимолий келишувни стратегик нуқтаи назардан ҳам фойдали, деб баҳоламоқда. Клуб Осиё бозоридаги таъсирини кенгайтиришга интиляпти ва бу омил асосий бўлмаса-да, қарор қабул қилишда ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирча томонлар ўртасидаги алоқалар дастлабки босқичда. Яқин ҳафталар ичида «Реал Мадрид» қишки трансферлар ойнасидаги режаларига аниқлик киритиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.