Роналду 2027 йилда футбол билан хайрлашиши мумкин

Криштиану Роналду келажак режаларини гўё бўлаклаб сотаётгандек: ҳар мавсум унинг атрофида навбатдаги янги сценарий пайдо бўлади. Журналист Бен Жейкобс берган маълумотларга кўра, афсонавий португалиялик 2027 йилда “Ал-Наср”ни тарк этиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Гап шунчаки тахминларда эмас: Роналду ҳозир 40 ёшда.
У фаолияти давомида 960 та гол урди ва мингталикка етиш нияти ҳамон қатъий. Саудия Арабистонидаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган, “Ал-Наср” сафида эса 125 ўйинда 110 та гол қайд этган.
Бу рақамлар Роналду ҳали “саҳнани топшириш”га шошилаётганини кўрсатмайди. У оиласи тўхташни маслаҳат беришини яширмайди, бироқ ўзини ҳам клубга, ҳам терма жамоага фойдали деб билади. Унинг интизоми ҳам спортчига хос эмас, деярли “корпоратив стандарт”: тана — актив, рекордлар — валюта.
Роналду A Bola нашрига берган фикрида буни очиқ айтган:
“Мен ҳали ҳам яхши ҳолатдаман, клубим ва терма жамоамга ёрдам беряпман, демак нега давом этмаслигим керак?”
Шу билан бирга, футбол олами унга бошқа йўлни ҳам эҳтиёткорлик билан “таклиф” қиляпти. “Манчестер Юнайтед”, “Ньюкасл”, “Вильярреал” ва “Фиорентина”нинг собиқ ҳужумчиси Жузеппе Росси Goal.com билан суҳбатда Роналдуга Голливуд эшиклари очиқ экани, ҳатто Жокер каби салбий қаҳрамонни ижро этиши мумкинлигини айтди. Франция терма жамоаси, “Арсенал” ва “Барселона”нинг собиқ ярим ҳимоячиси Эммануэль Пети эса Hochgepokert нашрида бу мавзуни янада баландроқ пардада давом эттириб, “Оскар” даражасигача олиб чиқди.
Аслида бу фикрлар кулгили эмас, балки рамзий: Роналду аллақачон оддий футболчи эмас, катта “бренд”га айланган. Унинг “Ал-Наср”дан шартли “Бенфика”га қайтишидан кўра, Warner Bros павильонига кириб бориши ҳам мантиқийроқ кўринади. Камера уни ўнг оёғидаги зарба каби яхши “кўради”, томошабин билан ўйнашни эса у “Siu”гача бўлган паузада ҳам уддалай олади.
Бироқ асосий зиддият кинода ҳам, “Ал-Наср” уни ушлаб қолиш учун клуб улушини 15 фоизгача оширишга тайёрлиги ҳақидаги гапларда ҳам эмас. Энг катта савол — Роналду футболдан кейин ҳам ўзига бўлган қизиқишни қандай ушлаб туради. Унинг яқинлари ҳам, эҳтимол, эътибор пасайиб кетмаслиги учун аллақачон кейинги қадамлар ҳақида ўйлаётгандир.
Бу фон ортида яна бир воқеа ҳам эътиборни тортди: Мадейрада Роналду ҳайкалига ўт қўйишга уриниш бўлди, полиция вандалликда гумонланган шахсни қўлга олди. Роналду эса навбатдаги голидан кейин “Ишонishda давом этамиз, курашishda давом этамиз” мазмунида пост қолдирди. Бир тарафда 960-гол, бошқа тарафда эса бронза ҳайкални кулга айлантиришга уриниш — гўё икки фильмнинг параллел монтажи.
Роналду кетиши нимани англатади? Агар бу оддийгина “раҳмат” билан якунланса, бу португалияликнинг табиатига тўғри келмайди. Стадионлар бўйлаб тантанали тур, олқишлар, фильм, реклама ва мингинчи гол атрофидаги навбатдаги шов-шув — Роналду учун анча табиий ва ҳатто “ҳалолроқ” сценарий. У доим шундай ўйнаганки, трибуна гўё мухлислар эмас, ҳакамлар ҳайъати бўлгандек.
Эҳтимол, энг кескин хулоса шуки: Роналду футболни тугатишдан чўчимайди, у янгиликлар марказидан чиқиб қолишдан хавотирланади. Инфоповод яратиш эса унинг энг кучли қуролига айланган: Пирс Морган билан интервьюлардан тортиб, “Бетмен”даги эҳтимолий Жокер ролига қадар.
Роналду ўзи “қолган йилларимдан завқ олишни истайман” дея таъкидлар экан, дунё бу йиллар аслида қанча эканини муҳокама қилишда давом этади. Португалиялик эса яна ўзи энг яхши биладиган ишни қилади: ҳар бир қадамини воқеа, ҳар бир голини далил, “тез орада” деган иборасини эса чексизликка айлантиради. Унинг оламида хайрлашув ҳам рекорд даражасида бўлиши керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!