Англия терма жамоаси Коста-Рика билан ўртоқлик ўйинини келишиб олди

Англия терма жамоаси мундиаль бошланиши олдидан навбатдаги ўртоқлик учрашуви бўйича келишувга эришди. The Mirror хабарига кўра, инглизларнинг рақиби Коста-Рика бўлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув 10 июн куни бўлиб ўтади. Аввалроқ англияликлар 6 июн куни Янги Зеландия билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказиши маълум қилинганди. Ҳар икки баҳс АҚШда, Флорида штатидаги машғулот базаси яқинида ташкил этилади, аниқ манзил эса кейинроқ эълон қилинади.
Англия ва Коста-Рика шу пайтгача икки марта тўқнаш келган. 2018 йилда ўртоқлик ўйинида инглизлар Маркус Решфорд ва Денни Уэлбек голлари эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, 2014 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида эса 0:0 қайд этилганди.
17 июн куни Томас Тухел жамоаси жаҳон чемпионатини Хорватияга қарши учрашув билан бошлайди. Ушбу гуруҳдан Гана ва Панама ҳам ўрин олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!