date

"Ал Аҳли" яримфиналга чиқди, энди "Ан Наср"га қарши тўқнаш келади

"Ал Аҳли" яримфиналга чиқди, энди "Ан Наср"га қарши тўқнаш келади

Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг Ғарб минтақасида навбатдаги яримфиналчи номи аниқ бўлди. БАА ҳудудида марказлаштирилган тарзда ўтаётган чоракфинал босқичи сўнгги учрашуви ҳам катта кураш ва интригага бой кечди.

Қатарнинг «Ал Аҳли Доҳа» жамоаси Иорданиянинг «Ал Ҳусайн» клубига қарши майдонга тушиб, ишончли 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва яримфинал йўлланмасини қўлга киритди.

Учрашув давомида «Ал Аҳли» футболчилари ўйинни тўлиқ назорат қилиб борди ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, устунликни сақлаб қолди. Жамоа тезкор голлар ва тактик барқарорлик ҳисобига муҳим ғалабага эришди.

Голларга тўхталсак, Экспосито 2-дақиқада тўп киритиб, учрашувнинг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди. Жулиан Дракслер 65-дақиқада ҳисобни оширган бўлса, Влап 90+7-дақиқада пенальтидан аниқ ҳаракат қилиб, ғалабани мустаҳкамлади. Иордания жамоаси сафида Қаши 21-дақиқада ягона жавоб голини урди.

ОЧЛ-2. Чоракфинал
Ал Аҳли Доҳа (Қатар) — Ал Ҳусайн (Иордания) 3:1
19 апрел, Дубай.
Голлар: Экспосито (2), Дракслер (65), Влап (90+7, пеналти) — Қаши (21).

Энди «Ал Аҳли Доҳа» учун энг жиддий синов олдинда. Жамоа яримфиналда Саудия Арабистонининг «Ал Наср» клубига қарши майдонга тушади. Бу жамоа сафида жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналду тўп сураётгани баҳсни янада қизиқарли қилади.

22 апрель куни бўлиб ўтадиган ушбу ўйин ғолиби финалга йўл олади ва Шарқ минтақасидан чиққан Япониянинг «Гамба Осака» жамоасига қарши турнир бош соврини учун кураш олиб боради.

Қисқаси, мусобақа ҳозир энг қизғин паллага кирди. Энди ҳар бир ҳатто кичик хато ҳам финал йўлини ҳал қилиши мумкин. Мухлисларни эса янада драматик ва кескин учрашувлар кутиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Ал Аҳли" яримфиналга чиқди, энди "Ан Наср"га қарши тўқнаш келади