date

Гвардиола кечаги драматик ғалабадан кейин муҳим фикрларни баён қилди

Гвардиола кечаги драматик ғалабадан кейин муҳим фикрларни баён қилди

Англия Премьер-лигасининг 33-турида “Манчестер Сити” жуда кескин ва муросасиз кечган баҳсда турнир пешқадами “Арсенал”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик учун курашга янада жиддий қайтди. Ушбу қарама-қаршилик нафақат натижа, балки намойиш этилган футбол сифати билан ҳам мухлисларнинг диққат марказида бўлди.

Учрашувдан сўнг “шаҳарликлар” устози Хосеп Гвардиола ўйин жараёни, рақиб жамоа ва ўз шогирдлари ҳақида батафсил фикр билдирди.

Ғалаба ҳақида

Мураббийнинг таъкидлашича, бу ўйин Премьер-лига учун ҳақиқий реклама вазифасини ўтайдиган даражада бўлган. У “Арсенал”ни жуда фаол, босимли ва жисмонан кучли жамоа сифатида таърифлади.

— “Арсенал” жуда агрессив услубда ҳаракат қилади, яккакурашларда устунликка интилган ҳолда ўйнайди. Фаолиятим давомида қарши чиққан жамоалар ичида улар дуэллар, яккама-якка вазиятлар, узун узатмалар ва ҳаводаги курашлар бўйича энг рақобатбардошлардан бири. Ростдан ҳам фантастик жамоа, — дея қайд этди Гвардиола.

Унинг фикрича, ҳар икки томонда ҳам етарлича голли имкониятлар юзага келган ва бундай учрашувларда натижани айнан майда деталлар ҳал қилади. Гвардиола бу беллашувни юқори савиядаги, ҳақиқий топ-даражадаги ўйин сифатида баҳолади.

— Икки жамоа ҳам юқори даражада, ҳар икки мураббий ҳам энг яхши мутахассислардан. Майдонда эса топ футболчилар ҳаракат қилди, — деди у.

Шу билан бирга, испаниялик мутахассис эҳтиёткорликни унутмаслик кераклигини ҳам таъкидлади.

— Мен доим талабчанман. Аммо бу фақат битта ўйин, холос. “Арсенал” ҳали ҳам пешқадам ва тўплар нисбати бўйича устун. Албатта, ғалабадан баҳра олиш керак, лекин эътиборни йўқотиш мумкин эмас. Энди бор диққатимизни “Бёрнли”га қарши баҳсга қаратамиз, — деди Гвардиола.

О’Райли ҳақида

Гвардиола ушбу ўйинда ўзини кўрсата олган ёш футболчи Нико О’Райлининг ҳаракатларига алоҳида тўхталди ва унинг ўйинига юқори баҳо берди.

— Нико ажойиб даражада ҳаракат қилмоқда — ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам, стандарт вазиятларда ҳам. Жуда истиқболли футболчи ўсиб келмоқда. У бир нечта позицияда самарали ўйнай олади. Бу ноёб иқтидор, — деди мураббий.

Гвардиоланинг сўзларига кўра, ёш футболчи ушбу баҳсда барча жиҳатларда ўзини намоён қилди ва иккинчи голда ҳам муҳим иштирок этди.

— У хотиржамлик билан ҳаракат қилди. Қандай ажойиб мавсум ўтказмоқда! Уни йилнинг энг яхши футболчиси деб айта оламанми — билмадим, лекин энг яхши ёш ўйинчи экани аниқ. Унга шу мукофотни беринг, — дея қўшимча қилди у.

“Арсенал”нинг голи ҳақида

Гвардиола учрашув давомида йўл қўйилган хатолардан бирини ҳам яширмади. Хусусан, рақиб гол урган вазиятга тўхталиб ўтди.

Маълумки, “Сити” ҳисобни очганидан кўп ўтмай, Матеуш Нуньеш ён чизиқдан тўпни дарвозабон Жанлуижи Доннаруммага йўллаган. Италиялик кипер тўпни узоқлаштиришга улгурмаган ва натижада тўп Кай Хаверцга тегиб, дарвозага кириб кетган.

— Бу ҳолатда Абдуқодир Ҳусанов Хаверцга нисбатан янада фаолроқ ва кескинроқ ўйнаши лозим эди. Шунга қарамай, менга энг ёққани — хатодан кейин жамоанинг бирлашгани ва Доннаруммани қўллаб-қувватлагани бўлди. Гол ўтказиб юборилгандан сўнг айбдор қидиришни ёқтирмайман, — деди Гвардиола.

Футболчиларга мурожаати

Учрашувдан кейин мураббий шогирдларига ҳам муҳим маслаҳат берганини маълум қилди.

— Йигитларга дедим: “Бу лаҳзалардан завқланинглар, лекин диққатни йўқотманглар. Олдинда яна уч-тўрт ҳафта бор ва айнан шу давр барчасини ҳал қилади”, — дея сўзларини якунлади мутахассис.

Маълумот ўрнида, “Манчестер Сити” навбатдаги турда 22 апрель куни меҳмон сифатида “Бёрнли”га қарши майдонга тушади.

Шунингдек, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда “шаҳарликлар” сафида барча мусобақаларда 32 та ўйинда қатнашиб, уларнинг катта қисмини асосий таркибда бошлагани эътиборга лойиқ. Унинг барқарор ўйини жамоа муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола кечаги драматик ғалабадан кейин муҳим фикрларни баён қилди