date

Эрлинг Холанд Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдирди (видео)

Эрлинг Холанд Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдирди (видео)

Эрлинг Холанд Абдуқодир Ҳусанов ҳақида самимий ва илиқ фикрлар билдириб, ўзбек ҳимоячисининг “Манчестер Сити”даги ўйинини юқори баҳолади. Норвегиялик ҳужумчи унинг тез мослашуви ва босим остидаги барқарор ўйинини алоҳида таъкидлади.

22 ёшли Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда "Манчестер Сити" сафида ишончли ўйин кўрсатиб, асосий таркибда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. У айниқса “Челси”га қарши 3:0 ҳисобидаги сафар ғалабасида жамоага катта ҳисса қўшгани билан эътибор тортди.

Ўша учрашувдан кейин Эрлинг Холанд жамоадошини меҳмонлар сектори томон олиб бориб, мухлислар билан бирга ғалабани нишонлашга ундагани ҳам алоҳида кайфият яратди. Лига кубоги финалида ҳам у Ҳусановни кубок билан мухлислар олдига чиқишга рағбатлантирган.

Холанднинг айтишича, Ҳусанов учун Премьер-лигага мослашиш осон бўлмаган — янги мамлакат, янги тил ва кучли босим. Лекин шунга қарамай, у ўзини йўқотмаган ва тезда юқори даражадаги футболга чиқиб олган.

- "Мен Ҳусанов билан бўлган ҳолатни эслайман, чунки Абдуқодир бизнинг жамоада ҳайратланарли ва ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Унга осон бўлмади, у янги мамлакатга келди, тилни билмасди. Бу барча жиҳатдан қийин эди. Абдуқодир катта босим остида қолди, Премьер-лигадаги биринчи ўзбекистонлик футболчига айланди", - деди Холанд.

Норвегиялик юлдузнинг таъкидлашича, у жамоада ёш футболчиларга ёрдам беришни муҳим деб билади, чунки ўзи ҳам бундай босқичларни бошдан кечирган. Бу муносабат эса Ҳусановнинг ишончини янада оширмоқда.

- "Мен учун бошқаларга ёрдам бериш муҳим, чунки улар ўзларини қандай ҳис қилишини биламан ва баъзида бу бироз қийин бўлиши мумкин. Уларни ўзларини қулай ҳис қилишлари учун ҳаракат қилиш муҳим", - деди Холанд Sky Sports нашрига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтиш жоиз, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январда "Манчестер Сити"га ўтиб, тез орада жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган. У аллақачон Англия лигаси кубогини қўлга киритган ва мавсум давомида икки маротаба ойнинг энг яхши футболчиси бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Эрлинг Холанд Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдирди (видео)