date

Каннаваро Ўзбекистонни танлаш сабабларини очиқчасига баён қилди

Каннаваро Ўзбекистонни танлаш сабабларини очиқчасига баён қилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро “Prime Video Sport IT” каналига берган интервьюсида жамоага келиши тарихи ва бу қарор ортидаги асосий омиллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Тажрибали мутахассиснинг айтишича, у жамоага келгунга қадар термада муайян ўзгаришлар юз берган. Хусусан, аввалги бош мураббий Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб лавозимини тарк этган. Шу пайтда жамоани вақтинча маҳаллий мураббий қабул қилиб, саралаш босқичида муваффақиятли натижалар қайд этган.

“Жамоада аввал Катанец ишлаётган эди. Лекин охирги ўйинлар арафасида у соғлиги туфайли четлашди. Кейин маҳаллий мураббий ишни давом эттирди ва жамоа саралашдан муваффақиятли ўтди. Шундан кейин федерация хорижлик мутахассис таклиф қилишга қарор қилди”, — дея изоҳ берди Каннаваро.

Италиялик мураббий Ўзбекистонга илк бор расмий таклифдан анча олдин ташриф буюрганини ҳам эслаб ўтди. У “афсоналар ўйини” доирасида мамлакатга келиб, маҳаллий футбол муҳити, инфратузилма ва атмосфера билан танишиб чиққанини айтди.

“Мен аввал ‘афсоналар ўйини’да қатнашиш учун келганман. Шу орқали муҳитни бироз ҳис қилдим. Ўша ерда федерация вице-президенти билан учрашдим — у собиқ халқаро ҳакам эди. Биз мулоқот қилдик, кейин орадан бир неча ҳафта ўтиб у менга қўнғироқ қилди ва учрашув таклиф қилди. Мен эса бу таклифни ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилдим”, — дейди мураббий.

Каннаваро шунингдек, бу қарорни қабул қилишда молиявий жиҳатлар у қадар муҳим бўлмаганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, асосий омил — спортий мақсад ва жаҳон чемпионатига чиқиш орзуси бўлган.

“Мен у билан пул ёки бошқа шартлар ҳақида умуман гаплашмадим. Мен учун энг муҳими — жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти. Буни ҳис қилиш, бу йўлдан ўтиш — аллақачон катта ютуқ”, — дея сўзини якунлади Каннаваро.

Қайд этиш жоиз, ушбу интервью мураббийнинг шахсий қарашлари ва мақсадларини очиб бериши билан мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Энди эса барча эътибор унинг бошчилигидаги жамоанинг келгуси натижаларига қаратилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Каннаваро Ўзбекистонни танлаш сабабларини очиқчасига баён қилди