Жорже Жезуш Роналду нега ўйнамаслигини тушунтирди

«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду яқинлашиб келаётган учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд жамоаси чоршанба куни ОФК Чемпионлар Лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик ҳужумчининг яқин орада майдонга қайтиши кутилганди, бироқ бу сафар ҳам у таркибда бўлмайди.
Жезушнинг айтишича, тиғиз тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларга дам бериш қарори қабул қилинган. Мураббий олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши муҳим ўйин турганини алоҳида таъкидлади.
Al Nassr Zone келтирган иқтибосда Жезуш Роналдуга дам бериш янгилик эмаслигини, у Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган айрим учрашувларда аввал ҳам иштирок этмаганини эслатиб ўтди.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» ўйини шанба куни, 14-февралда бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!