Ханс-Дитер Флик «Барселона» билан узоқ муддатли режа тузди

Испаниянинг «Барселона» клуби ва бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ўртасида шартномани 2028 йилгача узайтириш бўйича оғзаки келишувга эришилди. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, клуб мураббий билан ҳамкорликни янада узайтириш ниятида бўлиб, шартномага 2028/29 мавсуми учун қўшимча бир йиллик опция киритишни ҳам режалаштирган. Ушбу банд муайян спорт натижалари бажарилган тақдирда автоматик равишда кучга кириши мумкин.
Ҳозирги амалдаги келишувга кўра, немис мутахассиси 2027 йилгача клубда қолиши белгиланган. Бироқ Флик ҳозирча янги шартномага қўл қўйишни шошмаяпти.
У мавсум якунигача кутмоқчи, чунки ҳозир «Барселона» Ла Лигада чемпионлик учун курашнинг қизғин палласида турибди. Жамоа эса энг яқин рақибидан 9 очко фарқ билан пешқадамлик қилмоқда.
Фликнинг позицияси шундан иборатки, у қарор шошма-шошарлик билан қабул қилинмаслигини истайди. Мураббий клуб раҳбарияти ҳар қандай узайтириш қарорида тўлиқ ишончга эга бўлишини муҳим деб ҳисоблайди.
Шу тариқа, «Барселона» келажаги атрофидаги энг муҳим масалалардан бири ҳозирча мавсум якунигача музлатилган ҳолда турибди.