“Жавоҳир истаса, Ассубаевани келин қиламиз” — Синдоровнинг бувиси фикр билдирди

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ва қозоғистонлик Бибисора Ассубаеванинг муносабатлари кенг муҳокама қилинмоқда. Спортчининг бувиси ушбу боғланишга ижобий муносабат билдириб, неварсининг танловига рози эканликларини таъкидлади. Ҳозирда ҳар икки гроссмейстер Кипрдаги нуфузли турнирда иштирок этиб, юқори натижалар кўрсатмоқдалар. Ёш шахматчиларнинг ўзаро муносабатлари бўйича расмий баёнот берилгани йўқ.
Кипрда бўлиб ўтаётган Номзодлар турнири давомида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ҳамда қозоғистонлик Бибисора Ассубаеванинг ўзаро муносабатлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, Бибисора томонидан ижтимоий тармоқларга жойланаётган суратлар мухлислар ўртасида “улар шунчаки дўстми?” деган саволларни янада кучайтирди.
Синдоровнинг бувиси ушбу вазиятга муносабат билдириб, агар Жавоҳир Бибисора билан оила қуришни истаса, оила томони бунга қарши эмаслигини таъкидлади:
“Уларни болалигидан яхши таниймиз, бирга шахмат ўйнаб катта бўлишган. Қизнинг онасини ҳам биламан. Ҳозирча улар фақат дўст, лекин келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Агар Жавоҳир шу қизни яхши кўраман, уйланаман деса, биз рози бўламиз. Уларнинг қизиқишлари ва дунёқарашлари бир-бирига яқин”, дейди спортчининг бувиси.
Ҳозирда ҳар икки шахматчи Кипрдаги нуфузли мусобақада иштирок этмоқда. Жавоҳир Синдоров турнир якунига бир тур қолганида ғолибликни амалда кафолатлаб, жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бибисора Ассубаева эса ўз гуруҳида 7,5 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва якуний турда ғолиблик учун имкониятини синаб кўради.
Шахматчилар ҳозирча ўз муносабатлари ҳақида расмий баёнот бермаган. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган суратлар ёш гроссмейстерлар бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаётганини яққол кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…