Жезуш Роналдуга дам берди ва сабабини айтди

“Ал-Наср” бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега навбатдаги учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида “Аркадаг”га қарши ўйнайди. Португалиялик ҳужумчи яқин орада майдонга қайтиши кутилaётганди, бироқ бу сафар ҳам у қайдномадан жой олмайди.
Жезушнинг айтишича, жамоа зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларга дам беришга қарор қилган. Мураббий бунинг ортида шанба кунги муҳим баҳс — “Ал-Фатеҳ”га қарши ўйин турганини таъкидлади.
Al Nassr Zone келтирган иқтибосда, Жезуш Роналдуга дам бериш янгилик эмаслигини ҳам қўшимча қилган: у Саудия Арабистонидан ташқарида ўтказиладиган учрашувларда аввал ҳам бир неча бор майдонга тушмаган.
Саудия чемпионатидаги “Ал-Фатеҳ” — “Ал-Наср” учрашуви 14-феврал, шанба куни бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!