date

Шавкат Мирзиёев «Нефтчи» академиясининг имкониятлари билан танишди

Шавкат Мирзиёев «Нефтчи» академиясининг имкониятлари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида ҳудудда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган муҳим объектларни кўздан кечирди. Жумладан, у вилоят футбол ассоциациясига қарашли марказ ҳамда "Нефтчи" болалар футбол академиясида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Маълумки, Фарғона вилояти юртимиздаги энг кучли футбол мактабларидан бири сифатида эътироф этилади. Бу замин йиллар давомида кўплаб иқтидорли футболчиларни етиштириб, миллий футбол ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, 1962 йилда ташкил этилган “Нефтчи” клуби ўз тарихида салмоқли ютуқларга эришган. Жамоа Ўзбекистон Суперлигасида 6 карра чемпионликни қўлга киритган, мамлакат кубогини 2 марта ва Суперкубокни 1 бор ютиб олган.

Бундан ташқари, “Нефтчи” 1994 йилда МДҲ кубоги финалигача етиб борган, 1994–1995 йилги мавсумда эса Осиё чемпионлар лигасида бронза медалларини қўлга киритиб, халқаро майдонда ҳам ўз салоҳиятини намоён этган.

Сўнгги йилларда ҳудудда футболни янада оммалаштириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни профессионал даражада тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда 2025 йилда “Нефтчи” болалар футбол академияси ташкил этилди ва қисқа вақт ичида замонавий спорт масканига айланди.

Мазкур академия 4,5 гектардан зиёд ҳудудни эгаллаб, 150 нафардан ортиқ ёш футболчиларни қамраб олган. Бу ерда 6 та турли ўлчамдаги футбол майдони барпо этилган бўлиб, машғулотлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия бўлими ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Академия инфратузилмасида қиймати 1,1 миллион доллар бўлган сунъий қопламали ва ҳаво гумбази билан ёпилган ёпиқ футбол манежи ҳам мавжуд. Бу иншоот ёш спортчиларга йил давомида об-ҳаво шароитидан қатъи назар мунтазам машғулот олиб бориш имконини беради.

Машғулот жараёнлари халқаро талаблар асосида ташкил этилмоқда. Бу борада UEFA инструкторлари ҳамда хорижий мутахассислар жалб қилингани таъкидланди. Бу эса ёш футболчиларнинг малакасини янада оширишга хизмат қилади.

Ташриф давомида давлат раҳбари академиядаги шароитларни кўздан кечириб, ёш футболчилар билан самимий мулоқот қилди ва уларнинг машғулотларини кузатди. У ёшлар учун яратилаётган имкониятларни юқори баҳолаб, бу каби ташаббуслар келажакда ўз самарасини беришини таъкидлади.

Қисқаси, Фарғонада футбол инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Яратилаётган шарт-шароитлар эса келажакда янги юлдузларни кашф этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев «Нефтчи» академиясининг имкониятлари билан танишди