Аргентина Ямални тўхтатиш учун махсус режа тузмоқда

Март ойининг охирида Испания ва Аргентина Финаллиссима доирасида тўқнаш келади: бири амалдаги Европа чемпиони, бошқаси эса Америка Кубоги ғолиби сифатида соврин учун курашади. Учрашувга ҳали бир ойдан кўпроқ вақт бор, бироқ мураббийлар штаблари тайёргарликни аллақачон бошлаб юборган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
The Touchline нашри DSports Radio манбасига таяниб хабар беришича, аргентиналиклар Испаниянинг қанот ҳужумчиси Ламин Ямалга қарши қандай ҳимояланиш масаласини жиддий муҳокама қилмоқда. Режага кўра, Ямални асосан шахсий назоратда кучли ҳисобланган ҳимоячи Николас Тальяфико тўхтатишга уринади.
Бундан ташқари, бош мураббий Лионел Скалони жисмонан бақувват ярим ҳимоя чизиғини шакллантиришни режалаштирмоқда. Унда камида битта футболчи бутун эътиборини Ямал ҳаракатларини чеклашга қаратган ҳолда, керак бўлса “қора иш”ни бажариши кўзда тутилган. Аргентина режаси шуки, Ямал имкони қадар тез-тез икки футболчи қаршисида қолиши керак.
Испания ва Аргентина 27 март куни майдонга тушади.
Шунингдек, аввалроқ Лионел Месси 2026 йилги жаҳон чемпионатига бормаслиги мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!