«Реал Мадрид» Собослаи трансфери бўйича музокараларни бошлади

«Реал Мадрид» клуби «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Доминик Собослайга жиддий қизиқиш билдирмоқда, бу эса инглиз клуби раҳбариятини хавотирга солмоқда. Клуб афсонаси Гари Мак Алистер раҳбариятни 25 ёшли иқтидор эгаси билан шартномани тезроқ янгилаб, уни жамоада узоқ муддатга олиб қолишга чақирди. Венгрия терма жамоаси мураббийининг сўзларига кўра, футболчи болалигидан Мадрид клубида ўйнашни орзу қилган, бу эса трансфер эҳтимолини янада оширмоқда. Жорий мавсумда 21 та голли вазиятда иштирок этган Собослайни сақлаб қолиш «Ливерпуль» учун ёзги трансфер ойнасидаги асосий вазифага айланиши кутилмоқда.
«Ливерпуль» клуби венгериялик ярим ҳимоячи Доминик Собослайнинг келажаги борасида хавотирга тушмоқда. «Реал Мадрид» жамоасининг футболчига бўлган қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда, «Энфилд» раҳбарияти 25 ёшли ўйинчи билан амалдаги келишувни қайта кўриб чиқишга чақирилди. Собослай «RB Лейпциг»дан 60 миллион фунт стерлинг эвазига трансфер қилинганидан буён жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб афсонаси Гари Мак Алистер раҳбариятни венгериялик иқтидор эгасини узоқ муддатга жамоада олиб қолиш учун фаол ҳаракат қилишга ундади. Унинг таъкидлашича, шартнома якунланишига икки йил қолганида «хавф қўнғироқлари» чалина бошлайди. Собослай жорий мавсумда 48 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Унинг ҳозирги шартномаси 2028 йилнинг июнигача амал қилса-да, Европанинг гранд клублари аллақачон вазиятни кузатмоқда.

Мак Алистер Собослайни нафақат маҳоратли ўйинчи, балки жисмоний жиҳатдан жуда чидамли атлет деб ҳисоблайди. Унинг майдондаги тинимсиз меҳнати ва стандарт вазиятлардаги маҳорати мухлислар меҳрини қозонишига сабаб бўлган. Собиқ футболчининг фикрича, Доминик ўзининг етакчилик қобилияти билан Виржил ван Дейкдан кейин жамоа сардори бўлишга муносиб номзоддир.
Венгрия терма жамоаси бош мураббийи Марко Росси ҳам вазиятга тўхталиб, Собослай болалигидан «Реал Мадрид»да ўйнашни орзу қилганини маълум қилди. Бу хабарлар Мадрид клуби раҳбарларини ҳушёр торттирган. Эндиликда «Ливерпуль» ёзги трансфер ойнасида ўз юлдузини сақлаб қолиш ва унинг Испаниядаги фаолияти ҳақидаги амбициялари ўртасида мувозанат топиши керак бўлади.
































Изоҳлар 0
…