Салаҳ ёзда «Ливерпуль»ни эркин агент сифатида тарк этади

«Реал Мадрид» афсонаси Фернандо Иерро «Ливерпуль» ҳужумчиси Моҳамед Салаҳнинг Испания пойтахтига кўчиб ўтиши борасидаги тахминларини ўртоқлашди. Мисрлик юлдуз мерсисайдликлар билан шартномаси якунланишига бир неча ҳафта қолганида эркин агентга айланади. «Ал-Насср» клубининг собиқ спорт директори ҳар қандай топ-клуб бундай савиядаги футболчини ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Салаҳ «Ливерпуль» билан шартномасини муддатидан бир йил олдин якунлашга қарор қилди ва жорий мавсум якунида жамоани тарк этади. 33 ёшли ҳужумчи ушбу мавсумда барча мусобақаларда 38 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг ўзи келажаги борасида ҳали якуний қарорга келмаганини ва турли таклифларни кўриб чиқаётганини маълум қилган.

«Реал Мадрид» билан уч марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан Иерро Салаҳнинг маҳорати Ла Лига талабларига тўлиқ жавоб беришига ишонади. Унинг сўзларига кўра, мисрлик футболчининг тажрибаси ва мослашувчанлиги уни «Реал Мадрид» ёки «Барселона» каби элита жамоалар учун бебаҳо активга айлантиради. Иерро Салаҳни дунё футболидаги ҳақиқий феномен деб атади.
Иерро «Ал-Насср»да ишлаган вақтида Салаҳнинг ҳолатини кузатганини, бироқ ўшанда футболчи бор эътиборини Англия Премьер лигасига қаратганини эслади. Саудия Арабистони клублари томонидан қизиқиш бўлганига қарамай, расмий музокаралар юқори босқичга чиқмаган. Эндиликда Салаҳ эркин агент сифатида Европа грандлари ва Саудия клублари ўртасидаги асосий кураш марказида бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!