17:16 / 16.10.2018
3 332

Ҳасанбой Дўстматов: «Ҳокимга куёв бўлганим ҳақидаги миш-мишлар юз фоиз ёлғон​»

Ҳасанбой Дўстматов: «Ҳокимга куёв бўлганим ҳақидаги миш-мишлар юз фоиз ёлғон​»
Бокс бўйича Олимпия ўйинлари ва Осиё чемпиони, Рио—2016 Олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов журналист Миролим Исажоновга интервью берди деб ёзади Daryo.uz нашри.

– Жорий йилнинг 18 август—2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида кумуш медални сазовор бўлдингиз. Таассуротларингиз қандай?

– Биласизми, ҳаёт паст-у баландликлардан иборат бўлганидек, омад ҳам доимо кулиб боқмас экан. Ушбу йирик мусобақада кумуш медални қўлга киритишим тақдиримда бор экан, шунисига ҳам шукр қиламан. Аслида тўрт йилликнинг мазкур шонли беллашувига жиддий тайёргарлик кўргандим. 56 килограмм вазнимни 49 килограммгача туширдим. Бу жараёндаги қийинчиликлар фақат ўзимга аён. Турнирда ҳам бор кучим билан ҳаракат қилдим. Аммо бу сафар омад бироз юз ўгирди. Лекин бундан сира афсусда эмасман. Бу ҳолатни келгуси мусобақаларда такрорламасликка, Токио Олимпиадасида ҳам олтин медаль соҳиби бўлишга астойдил ҳаракат қиламан ва ваъда бераман.

– Терма жамоадаги чарм қўлқоп усталарининг кетма-кет профессионал боксга ўтаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Сиз қачон профессионал боксга ўтишни режалаштиряпсиз?

– Олимпиада чемпиони бўлганимдан буён жуда кўплаб юртдошларимиз шундай мазмундаги саволлар билан мурожаат қилишяпти. Ҳатто «Ҳасанбой профессионал боксга ўтди, шартнома имзолади», деган хабарлар ҳам тарқалди. Аммо ҳалигача профессионал рингга кўтарилганим йўқ. Шу пайтга қадар икки-уч маротаба таклиф бўлди. Ҳалигача шартномалар таклиф қилишяпти. Мураббийларим билан келишган ҳолда, ҳозирча ҳаваскорлик боксида қолишни режалаштирганим учун уларнинг барини рад этяпман. 2020 йили Токио Олимпиадасида ҳам иштирок этиб, Ватанимиз байроғини яна бир бор баланд кўтаришни мақсад қилганман.

– Сизда ота-онангиздаги қайси жиҳатларни учратиш мумкин?

– Отам ҳам, онам ҳам қишлоқда туғилиб, оддий ва ҳалол инсонлар даврасида катта бўлишганлиги туфайли иккиси ҳам жуда содда ва кўнгилчан. Мен ҳам улар сингари соддаман, аммо ишонувчан эмасман. Кейин улардек айтганимни амалга оширмагунимча тиниб-тинчимайман, бирор ижобий натижага эришишга астойдил интиламан. Мана шундай юксак ютуқларга ҳам ота-онамнинг мени тушуниши, шарт-шароитлар яратиб бериши, қўллаб-қувватлаши сабаб эришяпман. Илоҳим, биз фарзандлар бахтига доимо соғ-саломат бўлишсин!

– Карьерангиз сабаб дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгансиз. Қайси давлатнинг ўзига хос урф-одати ёки табиати сизда унутилмас таассуротлар қолдирган?

– Бир йил аввал Германияга борганимизда, у ердаги шаҳар кўчалари озода, саришталиги билан эътиборимни тортган. Кейин мазкур мамлакат фуқаролари светафорнинг қизил чироғи ўн дақиқа ёниб турса, кўк чироқ ёнишини сабр билан кутиб туришаркан. Мабодо кимдир қоидага амал қилмай, кўчани кесиб ўтишга уринса, ўша инсонга ён-атрофидагилар «Ёш болалар сенинг мана шу ҳатти-ҳаракатингдан ўрнак олишади. Уларга ўзингдаги ижобий ҳислатларинг билан намуна бўл!», дея танбеҳ беришаркан. Германияликларнинг мана шу одати ҳалигача эсимда туради.

– Агар сизга бирор кўрсатувни олиб бориш таклифи тушса, қайси журналистнинг лойиҳасига бошловчилик қилган бўлардингиз?

– (кулиб) Тўғриси, мендан бошловчи чиқмайди. Буни ҳатто тасаввур ҳам қилиб кўрмаганман. Мабодо шундай шарт қўйилса, спортга оид бирорта кўрсатувга бошловчилик қилишга ҳаракат қилиб кўрардим. Лекин сиёсий, маданий ёки санъат соҳасига оид ток-шоуларни сира олиб бормасдим.

– Жанг вақтида сизни нималар чалғитиши мумкин?

– (ўйланиб) Бундай ҳолат бирор марта ҳам юз бермаган экан. Сабаби рингга кўтарилганимдан сўнг ҳамма боксчилар қатори менинг ҳам бор диққат-эътиборим жангга қаратилади. Қолган барча нарсаларни унутиб, хаёлимни чалғитадиган ҳолатларга аҳамият бермайман.

– Сизнингча, боксда энг муҳими нима?

– Боксчидан доимо тезкорлик талаб этилади. Агар озгина бўш келиб қолсангиз, секундлар тақдирингизни ҳал этиб қўйиши ҳеч гапмас. Кейин ақлни кўпроқ ишлатиб, ҳар зарбани нишонга бехато уриш ҳам марра томон етаклайди. Боксчи ақлини ҳамиша чархлаб бориши керак.

– Кўпчиликдан «Ҳасанбой ҳам «юлдузлик касали»га чалинган», деган гапларни эшитдик. Ўзингиз бу ҳақда нима дейсиз?

– Бу каби фикрларни ўзимга ҳам кўп айтишади. Лекин бир-икки марта қўнғироғига жавоб бермай қўйсам, мен тўғримда бундай тасаввурга эга бўлаётганлар яхшиси, четдан туриб, менга баҳо бермай, ўзим билан мулоқотда бўлишсин. Суҳбат жараёнида қандай инсон эканлигимга амин бўлишади. Табиатан камтарлик ва самимийликни қадрлайман. Машғулотлар, турли учрашувлар ёки кўрсатувларда банд бўлганимда, телефон қўнғироқларига жавоб беролмайман. Шундай пайтда мени «юлдузлик касали»га чалинган, деб ўйлашиб, мендаги вазиятдан тўлиқ бохабар бўлмай, тезда хулоса чиқариб олишади. Бу жуда ҳам нотўғри, деб ўйлайман. Охирги пайтларда турли ҳарактердаги инсонлар сабабсиз кечқурун ҳам телефон қилиб, безовта қилишаётганлиги боис фақатгина таниш рақамларгагина жавоб бераяпман.

– Шу йилнинг март ойида бўйдоқлар сафини тарк этганингизда «Ҳасанбой ҳокимнинг қизига уйланибди», деган миш-мишлар болалаганди. Суҳбат давомида шунга ойдинлик киритиб ўтсангиз?

– Бу каби гап-сўзлар қулоғимга чалинмаган, рости. Аммо ҳокимга куёв бўлганим ҳақидаги миш-мишлар юз фоиз ёлғон.

– Яқинда сизни шарбат ишлаб чиқарадиган корхонада директор ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритишни бошлаганингиз ҳақидаги хабарни эшитиб, очиғи, хайрон бўлдик.

– Инсон ўз соҳасида бирор муваффақиятга эришиб, эл назарига тушганидан кейин истайдими-йўқми, у ҳақида турли гап-сўзлар тарқаларкан. Сиз айтиб ўтган фикрни ўзим ҳам эшитиб, ажабландим. Биз спортчиларни ҳам санъаткорлар сингари халқимизга юқори кайфият улашиш мақсадида турли лойиҳаларга таклиф этишяпти. Машҳур бренд остидаги шарбатларнинг бирининг рекламасида суратга тушганимдан сўнг шундай гаплар тарқалгани шубҳасиз. Аммо айрим одамлар бундай фикрга боришдан олдин нима деяётгани ҳақида бироз мулоҳаза юрица, яхши бўларди. Менинг ҳаётим спорт билан чамбарчас боғлиқ ва бир умр шу соҳага содиқ қоламан.

– Спорт оламидан топган қадрдонларингиз борми?

– Терма жамоадаги барча йигитлар билан муносабатларимиз яхши. Аммо Шаҳрам Ғиёсов билан тенгдош бўлганимиз боисми, қалин дўстмиз. Кўп фикрларимиз бир нуқтада кесишади. Фазлиддин ака Ғоибназаров ҳамда АҚШда профессионал боксда рингга тушувчи Хуршидбек ака Норматовлар билан ҳам жуда аҳил ака-укамиз.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳасанбой Дўстматов: «Ҳокимга куёв бўлганим ҳақидаги миш-мишлар юз фоиз ёлғон​»