«Барселона» Ла Лигада ҳам «Реал»ни енгди, энди орадаги фарқ нақд 12 очко...

  • 03 март 2019, 11:00
  • 990
  • Спорт
  • «Барселона» Ла Лигада ҳам «Реал»ни енгди, энди орадаги фарқ нақд 12 очко...
    Испания чемпионатининг 26-туридан ўрин олган «Реал» – «Барселона» учрашуви ўз ниҳоясига етди. «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтган баҳсда меҳмонларнинг қўли баланд келди.

    Учрашув тенг курашлар остида бошланди, хавфли вазиятлар яратишда меҳмонлар фаол бўлишди. 26-дақиқада каталонлар ҳисобни очишди, Серхи Робертонинг узатмасидан сўнг Иван Ракитич дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва тўпни Куртуанинг устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйди.

    Шундан кейин мадридликлар рақиб жарима майдони атрофида фаолликни оширишди, бироқ танаффусга қадар ҳисоб ўзгармади.
    Иккинчи бўлим ҳам кескин курашларга бой бўлди, майдон эгалари ҳарчанд уринишмасин вазиятлардан унумли фойдалана олмадилар.

    Шу тариқа, «Барселона» очколарини 60 тага етказиб олган ҳолда пешқадамликни мустаҳкамлади. «Реал» (48) эса учинчи ўринда қолди ва каталонлар билан орадаги фарқ 12 очкога етди.

    Ла лига, 26-тур
    Реал Мадрид – Барселона 0:1 (0:1, 0:0)
    Гол:
    0:1 – 26 Ракитич.
    Реал Мадрид – Куртуа, Карвахаль, Варан, Рамос, Регилон, Модрич, Каземиро (Иско, 76), Винисиус Жуниор, Кроос (Вальверде, 55), Бэйл (Асенсио, 61), Бензема.
    Барселона – тер Стеген, Альба, Пике, Серджи Роберто, Лангле, Ракитич, Артур (Видаль, 71), Бускетс (Нелсон Семеду, 90), Дембеле (Коутиньо, 78), Суарес, Месси.
    Огоҳлантиришлар: Бускетс (2), Рамос (61), Лангле (63), Асенсио (82), Карвахаль (89).

    Вальверденинг тактикаси
    «Реал»да Кубок баҳсидаги аламли мағлубиятни унутиш учун атиги 3 кун бор эди. Ўтган ҳафтадаги ўйинда Суарес мадридликларнинг янги юлдузи Винисиусга вазиятлардан қандай фойдаланиш бўйича маҳорат дарси ўтиб берганди. Ёш бразилиялик ўйин давомида каталонияликларнинг ҳимоячиларини алдаб юрган ва дарвоза томон 6 марта зарба йўллаган, лекин бирорта гол уролмаганди. Уругвайлик футболчи эса икки гол уриб, учинчи гол урилишига сабабчи бўлган, «Қироллик клуби» дарвозасига урган голлари сонини 11 тага етказганди.

    Суареснинг самарадорлиги каталонияликларнинг руҳини кўтарди ва жамоа навбатдаги муваффақият учун тайёрланди. Шанба кунги ўйин тарихий ўйинга айланиши кутилаётганди: шу вақтгача ўтказилган класиколарда тенг кўрсаткич қайд этилаётганди: чоршанба оқшомидаги ўйиндан кейин «Реал» ва «Барса» класиколардаги ғалабалар сони бўйича бир хил натижа кўрсатиб турганди - 95:95. Бу борада яна олдинга чиқиб олиш учун Сантьяго Солари Васкес ўрнига Бэйлни тушириш билангина чекланди. Шунингдек, кубок ўйинларида майдонга тушириладиган Навас ўрнини чемпионат ўйинида Тибо Куртуа эгаллади. Вальверде эса кўпроқ ўзгариш қилди ва классик схемага қайтди: 4-3-3. Сержи Роберто ҳимояда ўтган ўйинда Винисиусга қарши ҳеч нарса қила олмаган Самеду ўрнини эгаллади, майдон маркази Артур ҳисобига кучайтирилди.

    Мессининг омадсизлиги ва Ракитичнинг голи
    Лекин ўйин бошидаёқ каталонияликларнинг яримҳимояси хатога йўл қўйди ва хатони тўғрилаш учун Бускетс Кроосни йиқитишга мажбур бўлди, бу эса тарихий огоҳлантиришга олиб келди. Ўйин ҳаками Ундиано Мальенко класиколарда ўзининг 13-сариқ карточкасини кўрсатди. Белгиланган жарима зарбасини эса Бэйл кўнгилдагидек ижро этолмади.

    Кубок ўйини билан таққосланганда бу ўйин нисбатан очиқ кечди. Кроос узоқ масофадан зарбалар бериб, ватандоши тер Штегенни синаб турди, Лангле ўзини аямасдан ўтган ўйиндаги автоголи учун ўзини оқламоқчи бўлган Вараннинг ҳужумини тўхтатиб қолди, Месси эса Куртуа билан яккама-якка чиқиб гол уролмади.

    Эътиборлиси, бу аргентиналик футболчининг жорий мавсумда «Реал» дарвозаси томон берган илк зарбаси бўлди. Биринчи даврадаги ўйинда у жароҳат туфайли иштирок этолмаган, кубок ўйинларида эса нурсиз ўйин кўрсатганди. Унинг ҳужуми гол билан якунланмаган бўлсада, рақибнинг кучсиз томонини кўрсатиб берди. Бир неча дақиқа ўтиб каталонияликлар яна ўнг қанотдан ҳужум уюштиришди, Сержи Роберто Ракитични олдинга ташлади, тўп учун курашда Серхио Рамосни ортда қолдирган хорватиялик футболчи ҳисобни очди. Бу гол Ракитичнинг «Реал» дарвозасига урган тўртинчи голи бўлди: «Севилья» ва «Барселона» сафида иккитадан. Каталонияликлар эса қаторасига 23-класикода мадридликлар дарвозасини ишғол этиб, ўз натижасини яхшилади.

    Кейинги икки класикода воқеалар ривожи бир-бирига ўхшаш бўлди. Икки ўйинда ҳам мадридликлар бор куч билан олдинга ташланишди, аммо кўк-анорранглилар мудофаасини ёриб ўтолмади. Каталонияликлар эса икки ўйинда ҳам натижа учун ўйнади ва мақсадга эришди. Меҳмонлар биринчи бўлим охирида яна бир қарши ҳужумдан унумли фойдаланиши мумкин эди, Суарес Варанни доғда қолдириб, уни машғулот манекенига айлантирди, аммо Куртуа жамоани голдан сақлаб қолди, Месси эса қайтган тўпга улгуролмади.

    Биринчи бўлимдаги ёдда қоларли яна бир вазият Месси ва Серхио Рамос иштирокида кузатилди.

    Тўп учун кураш вақтида Рамос Мессининг юзига уриб юборди, Месси эса унга ташланди, ҳакам уларни ажратиб қўйди. Каталонияликлар Рамос бу ишни қасддан қилганини айтиб, ҳакамга шикоят қилишди, аммо Мальенко карточкасини чўнтакдан чиқаришга шошилмади.

    Ожиз Солари
    «Барселона» ҳимоявий ўйинда намуна кўрсатди. Биринчи ўйинда каталонияликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган бўлишсада, Винисиусга гол уриш учун бир неча марта вазиятлар тақдим этишганди. Иккинчи ўйинда эса бразилиялик футболчи фақат бир марта голли имкониятга эга бўлди - жарима майдонида ўзига кўп ишониб юборган Ракитичнинг хатосидан кейин зарба берилди, Винисиус Пикени чалғитиб газонга қулатди, аммо тўп йўлига ҳар ерда ҳозиру нозир Лангле чиқиб келди.

    Винисиуснинг имкониятлари чеклаб қўйилган бўлсада, у бу сафар ҳам рақиб дарвозаси томон 6 бор зарба берди (6 марта Кроос пас узатди, 3 марта зарба бериш учун пас узатди).

    Биринчи бўлимнинг 25-дақиқасига келибоқ «Реал» зарба бериш бўйича 5:1 ҳисобида олдинда эди.

    Ўйин статистикаси майдон эгалари устунлигини кўрсатмоқда - 17:10. Тўпга эгалик қилиш бўйича тенглик - 49 фоизга 51. Бурчак зарбалари бўйича: 8:6, яратилган вазиятлар бўйича 12:7. Майдон эгалари юқори қаватда тўп учун курашларда кўпроқ устун келишган: 12:8.

    Иккинчи бўлимда Солари Бэйл ва Кроосни майдондан олди, мадридлик мухлислар уэльслик футболчини ҳуштакбозликлар билан кузатиб қўйишди. У класиколарда мағлуб бўлиш бўйича рекорд кўрсаткич қайд этмоқда, аниқроғи ўзи ўйнаган класиколарнинг барчасида - 6 ўйинда мағлуб бўлган. Аммо у кетгани билан ўйин яхшиланиб қолмади, Вальверде ва Асенсио ўйинга ўзгартириш кирита олмади. Ўйин якунига 20 дақиқача вақт қолганида эса Иско туширилди. Солари уни ўз клубида кўришни истамайди (у бир ойдан буён энди илк марта майдонга тушди), уни фақат мажбурликдан жангга ташлади. Бу эса Соларида ғоя йўқлигини кўрсатади. Хулен Лопетеги ўтган йилнинг октябрида «Барса»га қарши 1:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин «Реал» бош мураббийлигидан ҳайдалганди. Солари эса «Барса»га қарши икки ўйинда 0:4 ҳисобини қайд этди. Пешқадам билан орадаги фарқ 12 тага етди, «Барселона» 1932 йилдан буён илк марта класикодаги ғалабалар сони бўйича олдинга чиқиб олди: 96:95. Жамоалар ўзаро ўйинларда жами 51 бор дуранг ўйнаган.

    » » «Барселона» Ла Лигада ҳам «Реал»ни енгди, энди орадаги фарқ нақд 12 очко...