date

Орлов тан олди: Шомуродов – энг зўр футбол интеллектига эга ҳужумчи!

Орлов тан олди: Шомуродов – энг зўр футбол интеллектига эга ҳужумчи!

Футбол интеллектни ким тан олди?

Россиялик машҳур футбол изоҳловчиси Геннадий Орлов Sport24 нашрига берган интервьюсида собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг яхши футболчилар ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовни ҳам эсга олди. Унинг фикрича, тарихий энг яхши ўйинчи – Андрей Шевченко (Украина, "Олтин тўп" соҳиби). Аммо ҳозирда фаолият юритаётганлар орасида Шомуродов алоҳида ажралиб туради.

Орлов ўзбек ҳужумчисини «Ростов»да ўйнаган даврлардаёқ Россиядаги ҳужумчилар ичида энг зўр футбол интеллектига эга ўйинчи эканлигини айтган. "Кейин Шомуродов «Рома»да ўйнади ва менинг сўзларим тасдиқланди", – деди шарҳловчи. Орлов шунингдек, футболда кучли характер ва кураш энг муҳими эканини таъкидлаб, Қозоғистондан Нурали Алип ва Дастан Сатпаев каби ёш иқтидорларни ҳам тилга олди.

«Ростов»дан Европага йўл

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Ўзбекистондаги "Машъал" ва "Бунёдкор" клубларининг либосларини кийганидан сўнг 2017 йили Россиянинг «Ростов» клубига кўчиб ўтди. Машҳур мураббий Валерий Карпин қўл остида унинг янги жиҳатлари кашф этилди. Ҳамюртимиз уч йил давомида 91 та расмий ўйинда майдонга тушди, рақиблар дарвозасини жами 18 маротаба ишғол қилди, 12 та ассист қайд этди. У Россия Премьер-лигасидаги деярли барча гранд жамоаларга гол уришга муваффақ бўлган.

Жумладан “Тосно”, “Краснодар” ва “Локомотив”га 2 тадан, “Спартак Москва”, “Оренбург”, “Арсенал Тула”, “Урал”, “Крилья Советов”, “Рубин”, “Тамбов”, “Динамо Москва” ва “Ахмат”га биттадан тўп киритган.

Россия кубогида “Сизрань-2003” жамоаси дарвозасини ишғол қилган. Европа Лигаси саралаш турнирида Исроилнинг “Маккаби Хайфа” жамоаси дарвозабонини ҳам ожиз қолдирган.

Италиядан Туркияга: ҳозирги юқори форма

2020 йилнинг октябрида «Ростов» Элдорни Италиянинг энг қадимий жамоаси «Женоа»га қўйиб юборди. Ўзбек футболчиси 5 мавсум мобайнида «Специя», «Кальяри» ва «Рома» каби клублар шарафини ҳимоя қилди. 2025 йилнинг ёзида 30 ёшли ҳужумчи «Истанбул Башакшеҳир» клубига кўчиб ўтди ва Туркия Суперлигасининг жорий мавсумида 14 та учрашувда рақиблар дарвозасини 10 маротаба ишғол қилди, бу эса унинг юқори спорт формасида эканидан далолат беради.

Орловнинг фикрича, Шомуродовнинг шахсий хусусиятлари ва жамоадаги роли ҳар доим муҳимдир. Орлов унинг кучли техникаси, курашчанлиги ва характерига алоҳида эътибор қаратди. «Футболда ҳар доим характер ва кураш муҳим» — деди у.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Орлов тан олди: Шомуродов – энг зўр футбол интеллектига эга ҳужумчи!