
Ўзбекистон шахмат мактаби яна бир маротаба жаҳон саҳнасида ўз сўзини айтди. Нодирбек Абдусатторов London Chess Classic мусобақасида рақобатни кескин устунлик билан ортда қолдириб, бир тур олдин чемпионга айланди. У 8 тур якунлари бўйича 7 очко тўплаб, 9-тур натижаларидан қатъи назар биринчи ўринни кафолатлади. Бу — йигитнинг бениҳоя барқарор ўйини ва юксак маҳоратидан далолат.
Турнирнинг дастлабки босқичида у британиялик Гавейн Жонсга қарши дуранг қайд этган бўлса, шундан кейинги олти учрашувда кетма-кет ғалаба қозониб, умумий жадвални бошқаришни ўз қўлига олди. 8-турда франциялик супергроссмейстер Алиреза Фирузжага қарши жангдаги дуранг — мусобақа ғолиблиги масаласини мутлақо ҳал қилди.
Эндиликда Абдусатторов 9-турда украиналик Павел Эляновга қарши ўйнайди. Натижадан қатъи назар, у чемпион сифатида 25 минг фунт стерлинг (33,4 минг доллар) мукофот пулини қўлга киритади. Шу билан бирга, ФИДЕ рейтингида ҳам жиддий илгарилаш қайд этди: аввалги йўқотишлардан кейин 20 очко қўшиб, 22-ўриндан 12-поғонага кўтарилди ва 2752 рейтинг баллига эга бўлди.
London Chess Classic — 2009 йилдан бери ўтказиб келинаётган нуфузли турнир. Карлсен, Крамник, Ананд, Накамура, Уесли Со, Каруана, Дин Лижен каби буюк чемпионлар ғолиблик қилган бу мусобақада ўзбек йигитининг зафар қучиши — мамлакатимиз шахмат тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлди.
Абдусатторовнинг бу ғалабаси нафақат шахмат жамоатчилиги, балки миллионлаб ўзбек мухлисларини ҳам руҳлантирди. Юртимиз шахматининг янги авлоди жаҳоннинг энг кучли саҳнасини забт этишда давом этмоқда ва бу йўлда Нодирбекнинг номи тобора баралла тингланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.