
2025-йил 27-ноябр куни "Fortnite" компьютер ўйинида "Kill Bill" фильмининг аввал чиқарилмаган "Юки қасоси" саҳнаси жонлантирилди. Лойиҳада машҳур режиссёр Квентин Тарантино ҳам иштирок этди.
Беатрикс Киддо ролига яна Ума Турман қайтди. Актриса ўз овози ва ташқи қиёфасини ўйин қаҳрамонига тақдим этди.
Ушбу янги асарнинг премьераси 30-ноябр куни Тошкент вақти билан соат 00:00 да бўлиб ўтади. "Мазкур материалларни ўйин менюсининг юқори қаторида жойлашган "Қидирув" бўлимида топишингиз мумкин.
Премьера бошланишидан 30 дақиқа олдин виртуал кинотеатр эшиклари очилади", — дейилади ўйиннинг расмий блогига кўра. Бундан ташқари, ўйин двигателида суратга олинган ушбу асар АҚШ, Буюк Британия ва Канада кинотеатрларида "Kill Bill: Қонли иш бутунича" тадбири доирасида намойиш этилади.
"Kill Bill" фильмининг биринчи қисми 2003-йилда, иккинчи қисми эса 2004-йилда катта экранларга чиққан. Фильмда собиқ ёлланма қотил Беатрикс Киддонинг қасос ҳикояси тасвирланган.
Ҳар бир фильм беш бобдан иборат бўлиб, умумий даромади 333 миллион доллардан ошган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.