date

Ўзбекистон углерод тартиботига тайёр

Ўзбекистон углерод тартиботига тайёр
Ўзбекистон углерод тартиботини жорий этишга яқин бўлиб, Марказий Осиёда "яшил" иқтисодиётга ўтишда етакчилардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) ва CAREC институти томонидан тайёрланган қўшма ҳисоботда айтилди.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон аллақачон ривожланган меъёрий-ҳуқуқий базани яратганини ва иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ҳамда тасдиқлаш бўйича миллий тизимни шакллантиришни бошлаганини таъкидламоқда. Бу тизим келажакдаги углерод квоталарини савдоси учун асосий элемент ҳисобланади.

2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқлим инфратузилмасини фаол ривожлантирмоқда. Мамлакат ўзининг миллий даражада белгиланган ҳиссасини тақдим этди ва уни янгилади.

Ушбу ҳужжатда 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг углерод сиғимини 2010 йилга нисбатан 35 фоизга қисқартириш мақсади белгиланган. Шунингдек, "Ўзбекистон–2030" стратегиясида иқтисодиётнинг ҳар 1 АҚШ доллари учун иссиқхона газлари чиқиндиларини 30 фоизга камайтириш вазифаси белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Глобал метан ташаббусига қўшилиб, 2030 йилга қадар метан чиқиндиларини 30 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда. ЕОТБ экспертларининг фикрича, бу каби қадамлар мамлакатнинг халқаро иқлим кун тартибига тобора кўпроқ интеграциялашаётганини кўрсатмоқда.

Республика қайта тикланувчи энергия манбаларини, хусусан, қуёш ва шамол энергиясини ривожлантиришга, энергия самарадорлигини оширишга ҳамда электромобил соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу чора-тадбирлар нафақат декарбонизацияни тезлаштиради, балки мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини кучайтиради.

"Ўзбекистон келажакдаги углерод бозори учун замин бўладиган тизимларни яратишни бошлаган. Бу жараёнда эришилган ютуқлар уни минтақада углерод чиқиндилари учун нарх белгилашга энг тайёр давлатлардан бирига айлантиради", — дейилади ҳисоботда.

Евроосиё тараққиёт банки фикрича, углерод тартиботини жорий этиш Ўзбекистонга экспорт рақобатбардошлигини ошириш, "яшил" молиялаштиришни жалб қилиш ва саноат ривожланишидан воз кечмаган ҳолда барқарор иқтисодий ўсишга ўтиш имконини беради. Ҳисоботда таъкидланишича, сиёсий ирода, институционал ислоҳотлар ва "яшил" энергетикага фаол инвестициялар уйғунлиги Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг кам углеродли трансформациясида асосий ўйинчилардан бирига айлантиради.

Kursiv Uzbekistan прогнозига кўра, 2030 йилга келиб, CO2 чиқиндилари ҳар 1 АҚШ доллари учун 0,67 килограммни ташкил этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон углерод тартиботига тайёр