Ўзбекистон Сингапурдаги роад-шоуда туризм салоҳиятини намойиш этди

Сингапурда Ўзбекистоннинг бой ва ранг-баранг туризм имкониятларини халқаро бозорда тарғиб этишга қаратилган навбатдаги роад-шоу бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Uzbekistan Airways ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Роад-шоу доирасида Ўзбекистондан келган туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги қарийб 30 нафар вакил Сингапурнинг 70 дан ортиқ етакчи туризм ҳамда сервис компаниялари билан B2B учрашувлар ўтказди.
Музокараларда иштирокчиларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси, зиёрат туризми йўналишлари, шунингдек гастрономик, экологик ва тоғ туризми имкониятлари батафсил таништирилди. Алоҳида эътибор хорижий сайёҳлар учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга қаратилган «Умра плюс» лойиҳасига қаратилди.
Ўзбек томон вакиллари сайёҳатчилар хавфсизлигини таъминлаш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли хизматларни жорий этиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартларга мос равишда ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Мутахассислар «Умра плюс» лойиҳаси Ўзбекистон туризм секторининг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим омил эканини қайд этди.
Шу билан бирга, тоғ туризмини ривожлантириш дастури доирасида яратилган замонавий шароит ва инфратузилма, янги сайёҳлик йўналишлари ҳам тақдим этилди. Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш, сайёҳлар оқимини ошириш ва соҳага инвестициялар жалб этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Ушбу роад-шоу Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, Сингапур билан туризм соҳасидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳамда янги инвестицион ва бизнес имкониятларини очишда муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!