Ўзбекистонда сайғоқлар учун комплекс қўриқхона ташкил этилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистонда сайғоқлар учун комплекс қўриқхона ташкил этилади

Ўзбекистонда сайғоқлар учун комплекс қўриқхона ташкил этилади

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида «Сайғоқлар учун» комплекс ландшафт қўриқхонаси ташкил этилади. Бу ҳақда, «Газета.uz»га асослани «Дарё» хабар бермоқда.

Қўриқхонанинг ташкил этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги «Комплекс (ландшафт) қўриқхоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. «Сайғоқлар учун» қўриқхонаси негизида ташкил этилаётган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси учун 628,3 минг гектар ер ажратилиши назарда тутилган бўлиб, бу ҳудуд беш участкага бўлинади. Бу участкалар сайғоқлар ва бошқа турдаги жониворларнинг яшаши учун энг қулай шароит бор ҳудудлар сифатида танлаб олинган. Бу ерларда сайғоқлар анъанавий тарзда тирикчилик қилиб келган ўтлоқлар ва сув манбаларидан иборат.

Бундан ташқари, хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 219,8 минг гектар ҳудудда қўриқ зонаси яратиш кўзда тутилган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг қўриқ зонасида жойлашган ерлари мусодара қилинмайди.

Комплекс қўриқхона фаолиятининг молиялаштирилиши Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Республика ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш давлат инспекцияси бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қўриқхонанинг яратилиши сайғоқлар ва бошқа ноёб жониворлар ададини кўпайтиришга хизмат қилади. Бу «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги ҳамда «Кўчиб кетаётган ёввойи ҳайвон турларини асраш тўғрисида»ги конвенциялар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги сайғоқларни асраш, ададини қайта тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича келишуви доирасидаги қўшма тадбирлар режаси бўйича Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятлардан бир қисми бажарилиши бўлади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru