17:47 / 09.05.2024
1 159

Онасиз улғайган, учувчи бўлишни орзу қилган ва қамалиб чиққан Озодбек Назарбеков 50 ёшга тўлди

Онасиз улғайган, учувчи бўлишни орзу қилган ва қамалиб чиққан Озодбек Назарбеков 50 ёшга тўлди
Фотоколлаж: Дарё
Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон халқ артисти, сиёсий майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлган Озодбек Назарбеков 7 май куни 50 ёшни қаршилади.

“10 ёшимда онамдан айрилганман”

Озодбек Назарбековнинг онаси ҳаётни жуда эрта тарк этган. Оиланинг кенжа фарзанди бўлган хонанда бу пайтда бор-йўғи 10 ёшда эди. Онасининг ўлими хонанда учун оғир зарба бўлганини у қуйидагича эслайди.

Фото: Хонанданинг шахсий архивидан
— "Одамлар болалик йилларини ширин хотиралар билан эслайди, мен эса аксинча. Онам оламдан ўтганида бор-йўғи 10 ёшда эдим. Кенжа фарзанд бўлганим учун онамга суяниб ўсган, ҳатто анча улғайиб қолганимда ҳам онамнинг этагини қўйиб юбормасдим.

10 ёшимгача онамсиз ухламаганман. Бир куни онам раҳматли турмушга чиққан опамнинг уйига мени ташлаб келган экан. Мен йиғлаб жанжал қилганимдан кейин опам ярим кечаси онамнинг олдига олиб келган экан
", — дейди Озодбек Назарбеков.

“Онам раҳбар бўлишимни истарди”

Хонанда оддий ишчилар оиласида дунёга келган, ҳатто фарзандлар орасида фақатгина у олий маълумотли бўла олган. Озодбек Назарбековнинг айтишича, хонанданинг онаси кенжа фарзандининг таҳсил олиши ва “обком” бўлишини орзу қилган экан.

Фото: Хонанданинг шахсий архивидан
— "Онамнинг бир гаплари ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди, болалик хотираларини эслайман, бизнинг пайтимизда вилоят ҳокими “обком” дейиларди. Ойим ҳам мени эркалаб “обком болам” дерди. Ниятлари холис экан, вақт ўтса ҳам, шу гапларини эслайман. Вазир бўлган куним ҳам кабинетда ўтириб шу нарсани эсладим. Қаерга борсам ҳам, онамнинг суратини ёнимда олиб юраман. Шу расм мен телевидениеда ишлаб юрган пайтим ўша ерда турган эди, кейин у ердан нарсаларимни йиғиштириб кабинетга олиб бордим. Расмни кабинетга қўйдим ва бирдан “обком болам” деганлари эсимга келди. Шундан кейин ўтириб йиғладим ва мана, сиз ўйлагандек фарзанд бўлдим, деб бирпас расмлари билан гаплашдим.

Онамнинг орзуси дуо бўлган экан, бўлмаса бизнинг оиламизда вазият оғир бўлгани учун акаларим, опаларим ўрта махсус таълимда қолиб кетишди, олий маълумотли бўлишолмади. Вазирликка ишга келганимнинг биринчи куни онам билан 10 дақиқа гаплашдим. Шунча дуо қилиб, шу кунларни кўрмадингиз дедим. Шу кунлар болалигимда бўлгани учун менда фақат ўксик хотиралар қолган. Билмадим, лекин қувончли воқеаларни эслолмайман, балки унгача қувончли воқеалар бўлгандир, бироқ бу қайғули кунлар барчасини ювиб ташлади. Онамнинг тириклигида қувонч, кайфият бор эди
”, — дейди Озодбек Назарбеков.

“Учувчи бўлишни орзу қилганман”

Озодбек Назарбеков болаликда бир нечта ҳунарларни ўрганишга ҳаракат қилган. 15 ёшни қаршилагунга қадар, у санъаткор бўлиш ҳақида жиддий аҳд қилмаган.

Фото: Хонанданинг шахсий архивидан
— "Оиламизда санъаткор бўлмагани учун отам мени турли соҳаларга йўналтирган. Шаҳрихондаги косиблар маҳалласидан тортиб, тандир-ўчоқчи, пичоқчиларнинг устахоналаригача бориб, уларга шогирд тушганман. Иш қилаётганда шунчаки қўшиқларни куйлардим, аммо бу соҳанинг этагини тутиш ниятим жиддий эмасди. Барча болалар сингари мен ҳам учувчи бўлишни орзу қилганман. Ундан кейин киноактёрликка қизиққанман. Оиламизда етти фарзанд эдик. Яхши эслайман, мусиқа мактабимизга 12 сўм бадал пули тўлаш керак эди, ўшани тўлаш ҳам оиламизга оғирлик қиларди.

Рубоб олиш катта орзум бўлган. Акмалжон деган синфдошим бўлган. У ўша мусиқа мактабига борарди. Акмалжоннинг мусиқа мактабида дарси бўлган куни мактабга рубобини кўтариб келарди. У рубобини олиб келган кун мен учун байрам эди. Мени мусиқа мактабининг синфига киритишмас эди. Калитнинг тирқишига қулоғимни қўйиб, берилган дарсларни ёдлаб олиб, ёдлаган куйларим эсимдан чиқиб қолмаслиги учун мактаб коридорида у ёқдан бу ёққа ғинғиллаб, такрорлаб ўтирардим. Синфдошим дарсдан чиқиши билан рубобини олиб, хотирамдаги куйни рубобда чалиб кўриб, қўлимга кўчирардим. Дарсдан сўнг уйга қайтардим, уйга қайтгач маҳалламиздаги бошқа бир боланинг рубобини олиб, унда шуғулланиб, дарсларни ўзлаштирардим
.

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
Ҳатто охирги вақтлар шундай бўлдики, мусиқа мактабидаги Собиржон ака деган устозимиз мактабга пул тўлолмаганимга ҳам кўз юмиб, “Кириб, охирги партада бўлса ҳам ўтиравер”, дедилар. Ўша вақтда шунақа бахтли эдимки, мен уни бюрократияси билан нима ишим бор, мен ўқияпман, менга шу керак эди. Шанба ва якшанба куни устознинг уйларига борардим. У кунларни кутиб яшардим. Чунки устозимнинг уйларида барча мусиқа асбоблари бўларди. Устозларимиз беҳикмат инсонлар бўлишмаган. Аввал бир иш берардилар, ўша ишни бажарганимиздан кейин икки соат соз чалишга рухсат берганлар. Ўша куни мендан бахтли инсон бўлмаган", — дейди хонанда.

“Муҳриддин Ҳолиқовга ҳавас қилганман”

Озодбек Назарбеков санъаткор бўлиб шаклланишида Муҳриддин Ҳолиқовнинг ўрни беқиёс бўлгани ҳақида сўзлаб берган.

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
— "Муҳриддин Ҳолиқовга ҳавасим жуда юқори бўлган. Ҳаттоки уларнинг овозига тақлид ҳам қилар эдим. Ўша пайтда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган танлов эълон қилинган. Танловнинг биринчи турида қатнашиб ғолиб бўлганман, шунда февраль ойлари эди. Кейинги тур яна икки ойдан кейин бошланарди. Бизга кетаверинглар, кейинги турга келасизлар дейишган. Шу вақтда мен Муҳриддин Ҳолиқовни топиб, танишиб кетмасам бўлмайди деганман. Чунки танловда устознинг қўшиғини айтиб иштирок этгандим", — дейди хонанда.

“Устознинг уйини бир ҳафта излаганман”

Озодбек Назарбеков таниш-билишларсиз “кўтарилган” ижодкор ҳисобланади. Унинг Муҳриддин Ҳолиқов билан танишуви ҳам жуда қизиқ кечган.

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
— "Шаҳрихонлик Маъруф ака деган танишим бор эди. У киши консерваторияда ўқир ва тўйларда ғижжак чаларди. Унинг ёнида юриб, тўйларга чиқиб юрган пайтларим эди. У кишига Муҳриддин Ҳолиқов билан учрашиш ниятим борлигини айтдим. У билан устознинг уйини нақд бир ҳафта излаб, топиб борганмиз. Аммо устоз билан учрашувимиз осон кечмаган. Аввалига устознинг акаси Шаҳобиддин ака билан суҳбатлашганмиз. “Уч кундан кейин соат 6 ларга келинглар, шу ерда йиғилиб тўйга кетамиз”, деган. Шаҳобиддин акага устознинг қўшиқларини ижро этган кассетамни бериб, уч кун ўтишини интизор бўлиб кутганман. Уч кундан кейин келсам, уй олдида багажлари очилган ва магнитофони баланд қилиб қўйилган машина турибди. Энг қизиғи, унда менинг ижромдаги қўшиқлар янграётганини эшитиб, ғалати бўлиб кетганман. Мени Муҳриддин акага таништиргач, қўшиқларни қайта эшитиб кўрди. “Жамоа билан бирга ишлайсанми? Агар уйингдагилар рози бўлишса, тўй хизматларига ўзим билан бирга олиб бораман”, деган. Қувонганимдан уйга бориб отамнинг дуосини олганман ва Муҳриддин ака билан воҳадаги хизматларга кетганман", — дейди хонанда.

Устоз анъанасини давом эттирган шогирд

Муҳриддин Ҳолиқов шогирдларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган ижодкор эди. У Озодбек Назарбековга ҳам уйидан жой берди.

Фото: Instagram
— "Тошкентга келиб, Муҳриддин аканинг ҳовлисига жойлашганман. Бу ерда доим 3-4 та шогирдлар бўлар, устоз нимани еса, шогирдларига ҳам шуни илинарди", — дейди Озодбек Назарбеков.

Кейинчалик бу одатни Озодбек Назарбеков ҳам давом эттирди. Азизбек Бектурдиев, Алишер Файз ва Баҳром Назаров устозларининг уйида яшаб, санъат сирларини ўрганишгани, Озодбек Назарбеков уларга нафақат сабоқ бергани ва иш билан ҳам таъминлаганини кўплаб интервьюларида айтиб ўтишган.

Хонанда энг оммабоп ва узоқ кунлик концерт бериш борасида рекорд натижани қайт этган. Яъни 2005 йилдан то 2016 йилга қадар хонанда ҳар йили ойлаб катта саройда концерт дастурларини намойиш этган. Раҳбар лавозимларига тайинланганидан сўнг ижодида катта узилиш рўй берган. Яъни у 2017 йили “Ёшлар” каналига раҳбар этиб тайинланган. Бир йилдан сўнг уни маданият вазири ўринбосари этиб тайинлашди. Икки йилдан сўнг эса вазир лавозимига тайинланиб, бор эътиборини маданият соҳасини риовожлантиришга қаратди.

Хонанда билан боғлиқ қизиқарли фактлар кўп. Масалан, у ўзбек санъаткорлари орасида 12 та шевада мустақил сўзлай олиши билан ҳам ажралиб туради. Шеваларда гаплашиш унга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.

Вазирлик афзалми ёки ижод?

2020 йилдан буён деярли ижод қилмаётган Озодбек Назарбеков интервьюларининг бирида раҳбар бўлишдан кўра, ижод қилиш завқлироқ эканлигини айтиб ўтган.

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
— "Албатта, хонанда бўлиб эркин ижод қилишнинг қулайлиги юқори. Бугунги кунда, давлат идоралари халқ манфаатига хизмат қилаётган пайтда вазир бўлиш янада масъулиятли ҳисобланади. Ҳаловат жойида бўлмайди. Вақт, иш кўламининг кенглиги нуқтайи назаридан катта давлатнинг бутун бир маданият соҳасига жавобгарлик инсонни беҳаловат қилиши аниқ”, — дейди маданият вазири.

“Бошимдан қора кунлар ўтди”

Санъаткорликдан Маданият вазири даражасига эришган Озодбек Назарбековнинг бир пайтлар озодликдан маҳрум этилгани ва жазони умумий тартибли колонияда ўтаган ижодкор учрашувларнинг бирида бу ҳақда очиқчасига айтиб ўтганди.

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
— "Яхши биласизлар, ҳаётимда энг оғир кунлар ҳам ўтди, мана бугун вазир даражасига келдим. Лекин оғир, мудҳиш кунларимда танамда ҳис қилган муаммолар бўлди. Бир оилада бир инсон қамалса, шу оилага нима бўларди, ўйлаб кўринглар? На ота-онасига, на фарзандларига мактабда кун бор эди. Лекин мана шу Конституциядаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — бундан бу ёғига ота боласига (қилмиши учун — таҳр.) жавоб бермайди, бола отаси учун жавобгар эмас.

Менинг оилам шу қийинчиликларни бошидан кечирди, бу қийинчиликларни кўрдик. Шунча қийинчилик, бошимиздан қора кунлар ўтиб, бугун вазир даражасига етишим — бу менимча, айнан инсон қадри
”, — дейди Озодбек Назарбеков.

8 фарзанднинг отаси

Фото: Instagram / @ozod_axmadovich
Озодбек Назарбеков кўп фарзандли ота. Унинг саккиз нафар фарзанди бор. Санъаткор оиласи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни истамайди. У шу кунгача уч қизини турмушга берган ва бир ўғлини уйлантирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Онасиз улғайган, учувчи бўлишни орзу қилган ва қамалиб чиққан Озодбек Назарбеков 50 ёшга тўлди