13:09 / 08.05.2024
672

ОАВ: Марказий Осиё давлатлари дронлар билан қуролланмоқда

ОАВ: Марказий Осиё давлатлари дронлар билан қуролланмоқда
Фото: Getty Images
Марказий Осиё давлатлари, гарчи ҳарбий тўқнашувлар бўлмаса-да, дронлар билан қуролланишни бошлади, дея “Соседи Централная Азия” хабар берди.

Хабарга кўра, Туркманистон Туркиянинг Bayraktar дронларини, Беларуснинг “Бусел” дронларини, Хитойнинг ракета типидаги турбофан дронларини, Исроилнинг SkyStriker камикадзе-дронларини сотиб олган.

Тожикистон нашрларининг ёзишича, Душанбе Эроннинг “Абабил-2” дронларини сотиб олиш учун аризани 2022 йилдаёқ топширган. Кейин Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик доирасида яна бир нечта Puma типидаги УАВлар олинган. Турк Bayraktar’ларини сотиб олиш ҳам кўриб чиқилмоқда.

Қирғизистон Туркиянинг “Акинжи” ва “Оқсунгур” дронларини сотиб олган. Бу ҳақда 2023 йил октябрь ойида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг биринчи раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилган эди.

Шу билан бирга, у Қирғизистон армиясини замонавий қурол-яроғлар билан қайта жиҳозлаш учун 2,5 йил давомида 1,3 миллиард долларга тенг маблағ сарфланганини таъкидлаган. Бу дронлардан ташқари Қирғизистон Хитой, Германия ва БААдан индивидуал дронлар сотиб олган.

"Ўзбекистон армиясида Туркия ва Хитойнинг Bayraktar ТB-2 ва Wing Loong-I тезкор-тактик ҳужумчи дронлари аллақачон мавжуд. 2023 йил ноябрь ойида улар Россиянинг “Орлан” разведкаси билан биргаликда Ўзбекистон ОАВларида расман намойиш этилган. Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг “Лочин” вертикал учиш ва қўниш разведкачи дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани маълум қилган", — деб ёзади нашр.

Қозоғистон 2021 йилда ҳам “Шагала” дронининг синов парвозларини амалга оширган эди. Улар Қозоғистон армияси сафида хизматга кирганми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

2022 йилда Қозоғистон Туркиянинг Туркиш Aerospace компанияси билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган, унга кўра, яқин келажакда Қозоғистонда Анка ҳужумчи УАВларни йиғиш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари бошланади.

Қозоғистон армияси арсеналида Хитойнинг Wing Loong (GL-1), Россиянинг Орланов-10 ва Исроилнинг Skylark-1LEХ разведка ва ҳужумчи дронлари ҳам мавжуд.

"Марказий Осиё давлатлари ичида ҳозирча фақат Қозоғистон ўзининг “Корган” ва “Сункар” каби электрон уруш тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда", — дея таъкидлаган нашр.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ОАВ: Марказий Осиё давлатлари дронлар билан қуролланмоқда