Тошкент шаҳар ҳокими: “Президентнинг янги фармони қоғозда қолиб кетмайди” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тошкент шаҳар ҳокими: “Президентнинг янги фармони қоғозда қолиб кетмайди”

Тошкент шаҳар ҳокими: “Президентнинг янги фармони қоғозда қолиб кетмайди”

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 октябрь куни “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848 сонли қарорга имзо чеккани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур фармон тадбиркорлар фаолиятига кенг йўл очишда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган жисмоний ва юридик шахсларнинг бизнесига назорат органлари, хусусан, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, прокуратура, ички ишлар, судларнинг асоссиз аралашуви, бесабаб текширувлар ўтказишларини бартараф этишда, тадбиркорлар ҳадиксирамай, эмин-эркин фаолият юритишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда «Qalampir» ёзмоқда.

Қачонлардир Солиқ инспекцияси ёки прокуратура ходимларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашуви, ўз жиғилдони йўлида амалга оширган хатти-ҳаракатлари кўпчилик тадбиркорларни бездириб қўйганди. Бунинг бир учи эса коррупцияга бориб тақаларди. Оқибатда кечагина ё кредит, ё қарз эвазига тадбиркорлигини бошлаган одамнинг ҳам биринчи ўйи “кимнинг чўнтагига бориб қўл суқсам ёки оқзини мойласам, ишим тезроқ битаркин?” кўринишидаги хаёллар бўларди.

Бугун, 27 октярбрь куни “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини кенг жамоатчилик, хусусан, тадбиркорларга етказиш, улар иштирокида фармонни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган йиғилишда тадбиркорларни қийнаб келаётган масалаларга, бюрократия, коррупция, асоссиз текширувлар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилиб, тадбиркорлар фаолияти давлат ҳимоясида экани алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, Ички ишлар вазири Адхам Ахмедбаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов иштирок этдилар.

Анжуман онлайн тарзда ташкил этилди ва Миробод туманидаги Темирйўлчилар саройи, Мирзо Улуғбек туманидаги Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш институти, Олмазор туманидаги Р.Глиер номидаги Республикаси ихтисослаштирилган академик лицей, Яшнобод туманидаги Авиасозлар саройи, Чилонзор туманидаги Тошкент давлат педогогика университети, Шойхонтоҳур туманидаги Ўзбек Миллий академик драма театри ҳамда Алишер Навоий номидаги киночилар уйида, Юнусобод туманидаги “Туркистон” санъат саройи, Тошкент давлат ахборот технологиялари университетида ва барча туманлардаги 505 та маҳаллаларни қамраб олди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ва Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов сўзга чиқиб, тадбиркорлар билан ўтказилаётган бундай мулоқотлар илк бор ташкил этилаётгани ва давомий бўлишини, уларга келажакда катта шарт-шароитлар яратиб берилишини ва буни шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи назорат қилаётганини бот-бот такрорлашди.

“Президентнинг навбатдаги фармони қоғозда қолиб кетади, деб ўйламанглар. Бугунги йиғилишдан натижа бўлиши шарт. Биз йиғилишда Тошкент шаҳридаги қарийб 38 минг тадбиркорни қамраб олишга эришдик.

Президент фармони чиққанидан сўнг, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлдим, уларнинг фикрлари билан қизиқдим. Кўпчилик тадбиркорлар бу фармон ҳам қоғозда қолиб кетади, натижа бўлмайди, ҳаммаси эски ҳаммом – эски тослигича қолаверади, деб ўйлашаётган эди. Йўқ, тадбиркорлар бундай хаёлларга бормаслиги учун биз республиканинг биринчи раҳбарлари билан учрашув ташкил этдик.

Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариладиган ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 65 фоизини кичик ва ўрта бизнес субъектлари ташкил этмоқда. Биз буни келажакда 80 фоизга олиб чиқишимиз керак”, дейди Раҳмонбек Усмонов.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru