Узоқ айрилиқдан сўнг, 80 ёшга кирган фуқаро собиқ турмуш ўртоғи билан кўришди

Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2026 йил 29 январдаги ижро варақасига асосан қарздор О.К.дан ундирувчи В.М. фойдасига Учтепа тумани 26-мавзеда жойлашган турар жой хонадонига киришига тўсқинлик қилмаслик тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Ижро ҳужжати мазмунига кўра, тарафлар ўзаро яқин қариндош бўлиб, қарздор О.К. ундирувчи В.М.нинг ўгай қизи ҳисобланади. Ушбу ҳолат ортида эса оддий бир мулкий низо эмас, балки инсон тақдири билан боғлиқ оғир ва узоқ йиллик танаффус турган.
Ундирувчи В.М. ҳозирда 80 ёшни қаршилаган бўлиб, у собиқ турмуш ўртоғидан ажралганидан сўнг унинг ҳолидан хабар олиш имкониятидан узоқ йиллар маҳрум бўлиб келган. Айниқса, оилавий муносабатларда юзага келган келишмовчиликлар сабабли ўгай қизи томонидан турли тўсқинликлар қилиниб, қарийб 10 йил давомида у собиқ турмуш ўртоғини кўра олмаган.
Унинг сўзларига кўра, бу хонадонга киришдан асосий мақсад моддий манфаат эмас, балки ёши улғайган, соғлиғи заифлашган собиқ турмуш ўртоғини кўриш, унинг ҳолидан хабар олиш ва инсоний бурчини адо этиш бўлган.
Қарздор томонидан ижро ҳужжати ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Ижро жараёнида қарздорга қонунчилик талаблари тушунтирилиб, ундирувчининг хонадонга киришига тўсқинлик қилиш қонунга зид экани ва бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантириш берилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида ундирувчининг мазкур хонадонга кириши таъминланди. Шу орқали 10 йиллик узилишдан сўнг 80 ёшли инсон учун собиқ турмуш ўртоғи билан дийдор кўришиш имконияти яратилди.
Бу воқеа инсон қадри, қариликдаги соғинч ва оилавий муносабатлар қанчалик мураккаб бўлмасин, қонун устуворлиги орқали инсоний дийдорга йўл очилиши мумкинлигини яна бир бор намоён этди.