Коррупцияга қарши курашиш - давр талаби!

Ижтимоий тармоқларда Хоразмда МИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ҳақидаги хабарлар тарқатилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 7 май куни Бюронинг Хива тумани бўлими давлат ижрочиси С.Д. ижро иши бўйича солиқ қарздорлиги ҳамда солиқ органларида ишловчи танишлари орқали солиқ қарздорлигини бартараф қилиб бериш эвазига фуқаро Х.П.дан 1500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича 2026 йилнинг 08 май куни Хоразм вилояти прокуратураси томонидан С.Д. Жиноят Кодексининг тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган вақтдан буён коррупция иллатига қарши курашиш масаласи асосий вазифа ва талаблардан бири бўлиб қолмоқда.
Бюро органларида фаолият олиб бораётган Шахсий хавфсизлик бўйича тармоқ ходимлари томонидан ходимлар ўртасида профилактик тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш, улар ўртасида турли суиистеъмолчилик ва ножўя хатти - ҳаракатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида, Бюронинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан 69 та профилактик тадбирлар, 29 та якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ижро ва хизмат интизомига риоя қилмаган 22 нафар ходимлар интизомий жавобгарликка тортилган.
Ҳозирда ҳам ходимлар ўртасида ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, тамагирлик ва пора олиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган қатор амалий чоралар кўрилмоқда.
Ходимларнинг хатти-ҳаракатлари (хулқ-атвори) бўйича келиб тушаётган шикоят ва мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги хабар ва ва турли сигналлар мазмуни, ички тартиб-интизом, хизмат этикаси ҳамда фуқаролар билан мулоқот маданиятига риоя этилишига қаратилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётингизда коррупциявий ҳолатларга дуч келсангиз, бу ҳақида Бош прокуратуранинг “1161” рақамли ҳамда Бюронинг “1107” рақамли Ишонч телефонларига мурожаат қилинг.
Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.