12 йиллик интизорликдан сўнг аёл беш эгизакни дунёга келтирди

Эфиопияда 12 йил давомида фарзанд орзусида яшаган аёл бир йўла беш эгизакни дунёга келтирди. Бу ҳақда BBC маълум қилди.
35 ёшли Бадрия Адем “Ҳивот Фана” шифохонасида тўрт нафар ўғил ва бир нафар қиз фарзандли бўлди. Туғруқ 5 май куни кечқурун кесарча усул орқали амалга оширилган. Аёл ҳомиладорлик давомида доимий равишда шифокорлар назоратида бўлган ва мутахассислар унга тўрт нафар чақалоқ кутаётганини билдиришган. Аммо туғруқ жараёнида яна бир чақалоқ борлиги аниқланган.
Айни вақтда она ва чақалоқлар шифохонада шифокорлар кузатуви остида қолмоқда. Янги туғилган чақалоқларнинг вазни 1,3 килодан 1,4 килогача бўлиб, шифокорлар уларнинг соғлом ўсиб кетиши эҳтимолини юқори баҳоламоқда.
Маълум қилинишича, Бадрия ҳеч қандай ЭКО муолажасисиз, табиий равишда ҳомиладор бўлган. Мутахассислар таъкидлашича, табиий йўл билан беш эгизакли бўлиш эҳтимоли тахминан 55 миллионда биттани ташкил қилади.
Бадриянинг сўзларига кўра, у йиллар давомида фарзандсизлик сабаб оғир руҳий тушкунликни бошдан кечирган.
Аёл деҳқончилик билан тирикчилик қилишини ва кутилмаганда катталашган оиласини қандай таъминлаш ҳақида ўйланаётганини ҳам айтди.
Қувончли воқеадан сўнг чақалоқларга Наиф, Аммар, Мунзир, Назира ва Ансар деб исм қўйилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!