Тошкентда эркаклар кам: бошқа ҳудудларда вазият қандай?

Фото: Миллий статистика қўмитаси
Ўзбекистонда демографик мувозанат асосан сақланиб қолаётган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткичлар ўзига хос тарзда фарқланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатида мамлакат бўйича ҳар минг нафар аёлга ўртача 1 015 нафар эркак тўғри келган.
Бу эса умумий ҳисобда эркаклар сони аёлларга нисбатан бироз устун эканини кўрсатади. Яъни, республиканинг аксарият ҳудудларида анъанавий демографик нисбат сақланиб қолган.
Бироқ барча 14 та ҳудуд орасида ягона истисно — Тошкент шаҳри ҳисобланади. Пойтахтда ҳар 1 000 нафар аёлга атиги 966 нафар эркак тўғри келган. Мутахассислар бу ҳолатни йирик шаҳарларга аёллар миграцияси нисбатан юқори экани билан изоҳламоқда.
Энг юқори кўрсаткич эса Наманган вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда ҳар минг нафар аёлга 1 034 нафар эркак тўғри келади. Қизиғи шундаки, Тошкентда аёллар сони эркаклардан 34 нафарга кўп бўлса, Наманганда аксинча — эркаклар худди шунчага кўплик қилади.
Қолган ҳудудларда ҳам эркаклар сони устунлиги сақланиб қолган:
- Қашқадарё — 1 029 нафар;
- Андижон — 1 027 нафар;
- Навоий — 1 026 нафар;
- Сурхондарё — 1 025 нафар;
- Жиззах ва Фарғона — 1 019 нафар;
- Самарқанд — 1 016 нафар;
- Қорақалпоғистон — 1 010 нафар;
- Сирдарё — 1 009 нафар;
- Тошкент вилояти — 1 008 нафар;
- Бухоро — 1 006 нафар;
- Хоразм — 1 004 нафар.
Мутахассислар фикрича, бундай демографик фарқлар ички миграция, иш ўринлари тақсимоти ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ бўлиб, айниқса йирик шаҳарларда аёллар улушининг ортиши табиий ҳол сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!