
Chevrolet Cobalt 2025 йил октябр ойида яна Қозоғистонда энг кўп сотилган автомобилга айланди. "Қозоғистон Автомобил Уюшмаси" (ҚАУ) маълумотларига кўра, ўтган ойда қозоқлар 1 889 дона янги Cobalt сотиб олишди.
Ушбу модель кетма-кет саккизинчи ойдирки, миллий рейтингда пешқадамликни сақлаб келмоқда. Chevrolet'нинг Қозоғистондаги умумий сотувлари октябр ойида ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 55,3 фоизга камайганига қарамай, Cobalt модели ўз талабини сақлаб қолмоқда ва бренднинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда.
Ушбу автомобиль мамлакатдаги энг машҳур 20 та автомобиль рейтингида биринчи ўринни эгаллаб, Hyundai Tucson (1 726 дона) ва Kia Sportage (876 дона) каби моделлардан илгарилаб кетган. Бозор мутахассислари Cobalt'нинг юқори талабда бўлишини унинг арзон нархи, фойдаланишда қулайлиги ва оилавий ҳамда иш автомобиллари сегментидаги кенг тарқалиши билан изоҳлашмоқда.
2025 йилнинг дастлабки ўн ойи якунларига кўра, Chevrolet Қозоғистонда 25 709 дона автомобиль сотиб, брендлар орасида иккинчи ўринни эгаллади (+16,6%). Бу сотувларнинг катта қисми Cobalt ва Onix моделлари ҳиссасига тўғри келади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.