date
views 105

Ватиканда оқ тутун кўтарилди: Янги Рим папаси сайланди...

Ватиканда оқ тутун кўтарилди: Янги Рим папаси сайланди...
Дунё католиклари учун энг катта воқеалардан бири – янги Рим папасининг сайланиши амалга ошди. Ватиканда жойлашган Сикстин капелласидан кўтарилган оқ тутун бутун инсоният эътиборини яна бир бор муқаддас шаҳарга қаратди.

7 май куни бошланган конклав – яъни папа сайлаш йиғилишида, дунё бўйлаб турли мамлакатлардан келган 133 нафар кардинал иштирок этди. Ватикан қонун-қоидаларига кўра, номзод сайланган деб ҳисобланиши учун унинг тарафдори бўлган кардиналлар сони учдан икки қисмдан кўпроқ бўлиши лозим. Бу дегани, камида 89 овоз керак.

Биринчи овоз беришда аниқлик киритилмаган бўлса-да, кейинги овоздаги натижа том маънода тарихий аҳамият касб этди. Сайлов жараёни қатъий махфийлик остида ўтказилди. Бюллетенлар ёқилиши ва улардан чиқаётган тутун ранги орқали жамоатчиликка ишора бериб борилди.

Агар мўридан қора тутун чиққан бўлса, демак номзод етарлича овоз тўплай олмаган. Оқ тутун эса – янги понтифик танланганини билдиради. Бу гал Ватикан осмонида оқ тутун кўтарилди.

Айни пайтда янги сайланган папанинг кимлиги ҳали расман эълон қилинмади. Аммо яқин соатлар ичида у анъанага кўра, Авлиё Пётр соборидаги марказий ойна орқали бутун жаҳон олдида илк бор намоён бўлади.

Кардиналлар ўз сайловларини ўта жиддий маънавий масъулият билан амалга оширадилар. Улар дунё католик жамоасига раҳбарлик қиладиган, миллионлаб инсонлар қалбига таъсир ўтказадиган шахсни танлаш вазифасини бажармоқда.

Янги понтификнинг кимлиги эълон қилиниши билан бирга, унинг танлаган исми, мамлакат мансублиги ва диний қарашлари ҳам бутун дунёда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши шубҳасиз. Zamin.uz таҳририяти янгиликларни кузатишда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ватиканда оқ тутун кўтарилди: Янги Рим папаси сайланди...