
Ўзбекистонда 2028 йил 1 январгача электромобиллар учун қувватлаш станциялари, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва сервис инфратузилмасини яратиш ҳамда ривожлантиришга мўлжалланган технологик ускуналарни олиб киришда божхона божи нол ставкада қўлланади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Худди шундай имтиёз ипакни қайта ишлаш ва тўқимачилик ускуналари учун эҳтиёт қисмлар, тут дарахти уруғи ва кўчатлари, шунингдек тут ипак қурти учун суперэлита, элита ва саноат уруғларига ҳам татбиқ этилади.
Президент фармонида узоқроқ муддатга мўлжалланган алоҳида чора-тадбирлар ҳам белгиланди: 2031 йил 1 январгача маиший, қурилиш ва тиббий чиқиндиларни утилизация қилувчи корхоналар, шунингдек биологик парчаланадиган полимер материалларни қайта ишловчи субъектлар фаолиятида фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар божхона божларидан озод этилади.
Шу билан бирга, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги иштирокчилар учун имтиёзли солиқ режими жорий қилинади. 2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача «Чиқиндилар полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси ва белгиланган мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган солиқ тўловчилар учун фойда солиғи (дивидендлар кўринишидаги даромадлар билан бирга) ҳамда ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади.
Солиқ енгилликлари бир қатор талаблар бажарилганда қўлланади. Жумладан, ҳисобот солиқ даври якунларига кўра чиқиндиларни йиғиш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлашдан олинган даромад умумий тушумнинг камида 90 фоизини ташкил этиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир ходимга ойлик иш ҳақи камида энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида ҳисобланиши лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.