
Технология ва хайр-саховат дунёсидаги икки йирик шахс – Билл Гейтс ва Илон Маск ўртасида навбатдаги жиддий қарама-қаршилик юзага келди. Microsoft асосчиси ва дунёдаги энг йирик филантроплардан бири ҳисобланган Гейтс, Маскни USAID – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги дастурларини тўхтатиб, “энг қашшоқ болаларнинг ҳаётини хавфга қўйганлик”да айблади.
Гейтснинг таъкидлашича, USAID томонидан молиялаштиришнинг кескин қисқариши туфайли жаҳон миқёсида озиқ-овқат ва дори-дармон захираларида жиддий етишмовчилик юзага келди. Бу эса қизамиқ, полиомиелит ва ОИВ каби оғир касалликларнинг тарқалиш хавфини кескин ошириши мумкин.
«Дунёдаги энг бой инсон агар дунёдаги энг муҳтож болаларни ўлдирса, бу жуда қайғули ҳолат», — деди Гейтс оммавий ахборот воситаларига берган интервьюси орқали.
Маск – Ғазо – Мозамбик: географияда хато, қарорда оқибат
Гейтс айниқса Мозамбикдаги Ғазо вилоятида фаолият юритаётган шифохона мисолида вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатди. Ушбу муассаса онадан болага юқадиган ОИВ инфекциясининг олдини олишга ихтисослашган. Бироқ, АҚШ расмийлари уни Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати билан нотўғри боғлаган ва молиявий ёрдамни тўхтатган.
«Мен Илон Маскни ана шу ҳозирги ОИВ билан касалланган болалар билан юзма-юз учрашишини истардим. У молиялаштиришни тўхтатган, энди натижасига қарасин», — деди Гейтс кескин баёнот билан чиқиб.
Унинг сўзларига кўра, Маск USAID агентлигини “жиноятчи” деб атаган бўлса-да, у аслида бу ташкилот нима билан шуғулланишини англаб етмаган. Маск 2025 йил бошидаги нутқида USAIDнинг "ўлиш вақти келди" деб эълон қилган ва унинг фаолиятини деярли тугатган.
Қизиғи шундаки, Маск февраль ойида Мозамбикнинг Ғазо вилоятини ноаниқ баёнотларида Фаластиннинг Ғазо сектори билан адаштирганини тан олган эди. Бу эса унинг айбловлари асоссиз ва нотўғри қарорларга олиб келганини кўрсатади.
Икки титан ўртасидаги илгаридан мавжуд зиддият
Бу Гейтс ва Маск ўртасидаги биринчи зиддият эмас. 2012 йилда Маск Гейтс ва Уоррен Баффет томонидан ташкил этилган “Giving Pledge” дастурига қўшилиб, бойлигининг камида ярмини хайрияга бағишлашга ваъда берган эди. Бироқ кейинроқ, унинг биографи Валтер Исааксоннинг маълум қилишича, Маск Гейтсга хайрия ишларини “беҳуда” ва “бемаъни” деб атаган.
Исааксон ёзганидек, 2022 йилда Маск Гейтснинг Tesla акцияларини сотганини билиб қолган ва уни “яхшилик қилишга даъво қилган ҳолда компанияга зарар етказиб пул ишлашга уринган иккиюзламачи” деб атаган.
Таҳлилчилар нима деяпти?
Мутахассисларнинг фикрича, бу можаро дунё миқёсидаги хайрия лойиҳалари, технологик раҳбарларнинг ижтимоий мажбуриятлари ва сиёсий қарорларнинг ижтимоий оқибатлари масалаларида муҳим саволларни ўртага қўяди. Маскнинг радикал позицияси ва Гейтснинг гуманитар ёндашуви эса глобал жамоатчиликда икки хил фикр уйғотиши аниқ.
Халқаро хайрия ва инновация дунёсидаги йирик шахслар ўртасидаги муносабатлар яна қандай кескинликларга олиб келади — вақт кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар