Хитойда туғилиш сонини ошириш учун янги чора қўлланади

Хитой ҳукумати ўзининг туғилиш даражасини ошириш учун янги чора сифатида контрасептив воситаларга 13% солиқ жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Бундан олдин, 1993-йилдан бошлаб Хитойда амалда бўлган “бир оила — бир бола” сиёсати сабабли контрасептив воситалар барча солиқлардан озод қилинган эди. Бироқ, сўнгги йилларда Хитойда аҳоли сонининг кетма-кет уч йил давомида қисқариши кузатилмоқда. 2024-йилда мамлакатда фақат 9,54 миллион чақалоқ туғилган, бу эса бир неча йил аввал “бир оила — бир бола” сиёсати бекор қилинганида қайд этилган 18,8 миллион туғилишнинг ярмига ҳам етмайди.
Ҳукумат ўзининг туғилиш даражасини ошириш ва ижтимоий хизматларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ота-оналар учун кўрсатиладиган хизматларга қўйилган солиқларни бекор қилишга қарор қилган. Бу чора, Хитойнинг аҳоли сонини барқарорлаштириш ва ўсиш суръатларини қайта тиклашга қаратилган ҳаракатлар қаторидан ўрин олган.