
Oлимлар Эйнштейннинг умумий нисбийлик назариясига таяниб, Марсда вақт Ерга нисбатан бир кунда 477 микросекундга тезроқ ўтади, деб хабар бермоқда. Тадқиқот The Astronomical Journal журналининг янги нашрида чоп этилди ва Space нашри унга асосланган ҳолда аниқ маълумотларни тақдим этди.
Тадқиқотчилар вақтнинг фарқини аниқлашда бир қатор омилларни ҳисобга олган. Марснинг Ерга нисбатан заиф тортишиш кучига эга экани, унинг орбитасининг шакли, Қуёш, Ер ва Ойнинг тортишиш таъсири асосий элементлардан ҳисобланади.
Эйнштейннинг умумий нисбийлик назариясига кўра, вақт ўзгариши кузатувчининг жойлашган тизимига, яъни ҳаракатнинг тезлиги ва гравитацияга боғлиқ. Бу эффект "вақтнинг секинлашиши" (time dilation) деб аталади ва у машҳур эгизаклар парадоксига олиб келиши мумкин.
Эгизаклар парадоксига кўра, агар икки эгизакдан бири космосда ёруғлик тезлигига яқин ўтишни амалга оширадиган космик кемада бўлса, бошқаси эса Ерда қолса, қайтиб келган астронавт Ерда қолган эгизагидан ёшроқ бўлади.
Марсда вақт фарқига сабаб бўлган омиллардан бири, Марснинг Ерга қараганда Қуёшдан узоқроқ жойлашгани, бу эса унинг Қуёш атрофида айланишини секинлаштиради. Бироқ Марс орбитасининг узунлиги туфайли, у Қуёшга яқинлашганда тезлашади ва узоқлашганда
секинлашади.
Ушбу таъсирлар натижасида, Марсдаги астронавт учун бир сония Ердаги сонияга тенг бўлади, аммо Ерда турган кузатувчи учун Марсдаги сония Ердаги сонияга қараганда тезроқ ўтади. Вақтнинг фарқини ҳисоблаш натижасида, Марс ва Ер ўртасидаги ўртача фарқ суткада 477 микросекундни ташкил қилади.
Бу кичик фарқ келажакда Марс атрофидаги навигация ва алоқа тизимларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Олимлар ушбу вақт фарқини аниқлашнинг аҳамиятини таъкидламоқда, чунки бу маълумотлар Марс ва Ер ўртасидаги GPS ва алоқа тизимларини синхронлаштириш учун зарур бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.