date

GTA ишлаб чиқувчилари норозиликка чиқди

GTA ишлаб чиқувчилари норозиликка чиқди
IWGB касаба уюшмасига аъзо бўлган ўнлаб ишлаб чиқувчиларнинг ишдан бўшатилиши Rockstar ва Take-Two офислари олдида норозилик намойишларига сабаб бўлди. Компания ходимларидан бири студия ичидаги кайфиятни «энг паст даражада» деб таърифлаб, раҳбариятнинг тушунтиришларини танқид қилди.

Ноябр бошида Rockstar IWGB касаба уюшмасининг 30 дан ортиқ аъзосини «қўпол қоидабузарликлар» учун ишдан бўшатгани маълум бўлди. Кейинчалик компания бу ҳолатни «маълумот тарқатиш» билан боғлиқ эканини айтди.

IWGB президенти эса Rockstar баёнотини касаба уюшма фаолиятига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Бир кун ўтиб, Rockstar GTA VI ўйинининг чиқарилишини 2026 йил охирига қолдиришини эълон қилди.

Bloomberg маълумотларига кўра, бу қарор ишдан бўшатишлар билан боғлиқ эмас, бироқ мазкур вазият ишлаб чиқиш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Ходимлар раҳбариятни далилсиз ва ўзларини ҳимоя қилиш имкониятисиз ишдан бўшатганликда айбламоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, кадрлар бўлими ходимларни қисқа «суҳбат»ларга чақириб, сўнгра «қўпол қоидабузарликлар» сабабли ишдан бўшатилганлик тўғрисида билдиришномалар топширган. Уchrашувларда касаба уюшма вакилларининг иштирок этиши тақиқланган, бу эса Буюк Британиянинг меҳнат қонунчилигини бузади.

Rockstar ходимларидан бири GTAForums платформасида аноним тарзда хабар беришича, касаба уюшманинг ёпиқ Discord серверида студия лойиҳалари эмас, балки меҳнат шароитлари ва IWGB фаолияти муҳокама қилинган. У ишдан бўшатишлар касаба уюшма фаолиятига қарши қаратилган чоралар эканини таъкидлади.

IWGB таркибидаги ходимлар сони яқинда 200 кишига етган эди, бу уларга компаниядан расмий тан олиш ва ортиқча иш юкламаcи ҳамда маош борасида музокаралар бошлашни талаб қилиш имконини берган. Энди қолган аъзолар янги ишдан бўшатишлардан хавотирда ва ташқи органларнинг аралашувига умид қилмоқда.

IWGB касаба уюшмаси ишдан бўшатилган ходимларни ишга қайтариш ва уларнинг ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » GTA ишлаб чиқувчилари норозиликка чиқди