
Россиянинг Москва вилоятида жойлашган Одинцово шаҳри яқинидаги Горки-2 аҳоли пунктида содир бўлган даҳшатли воқеа жамоатчиликни ларзага солди. Мактабда пичоқли ҳужум уюштирган 15 ёшли ўсмир расман ҳибсга олинди.
Маълум бўлишича, қарор 18 декабрь куни Москва шаҳридаги Тверь туман суди томонидан қабул қилинган. Суд Тергов қўмитасининг илтимосини қаноатлантириб, қотиллик ва қотилликка уринишда айбланаётган ўсмирни икки ой муддатга қамоққа олишга қарор қилди.
Тергов маълумотларига кўра, 16 декабрь куни эрталаб тўққизинчи синф ўқувчиси мактаб ҳудудига пичоқ билан кириб келган. У аввалига синф хоналари бўйлаб юриб, ҳужум қилиш учун қулай пайт қидирган. Ҳолатни пайқаган мактаб қўриқчисига қарши кўзни ачиштирувчи газ қўллаб, уни пичоқлаган.
Шундан сўнг ўсмир шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси — тожикистонлик мигрант оила фарзанди Қобилжон Алиевга ҳужум қилган. Афсуски, бола олган жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлган.
Тергов қўмитаси гумонланувчига нисбатан қотиллик ҳамда икки ва ундан ортиқ шахсни ўлдиришга уриниш моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Сўроқ пайтида ўсмир айбини тўлиқ тан олиб, ҳужумга олдиндан тайёргарлик кўрганини ҳам яширмаган.
Шунингдек, унинг телефонида ҳалок бўлган ўқувчининг сурати, селфилар ҳамда экстремистик рамзлар билан боғлиқ тасвирлар аниқланган. Бу ҳолат терговчиларда алоҳида шубҳа уйғотган.
Фожеадан сўнг Тожикистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари расмий баёнот билан чиқиб, ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Қобилжон Алиевнинг жасади 18 декабрь куни ватанига олиб келиниб, Шаҳринав туманида дафн этилди.
Қисқаси, бир ўсмирнинг зўравон фикрлари ва назоратсиз ҳаракатлари бир оиланинг бахтини абадийга синдирди. Бу фожиа жамият учун ҳам жиддий огоҳлантириш бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.