
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган навбатдаги қарорни қабул қилди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, электрон сигареталарни, шунингдек, улар учун мўлжалланган картрижларни мамлакат ҳудудига олиб кириш вақтинча — олти ой муддатга тақиқланди.
Маълум қилинишича, мазкур чеклов қарор расман эълон қилинганидан 15 кун ўтиб кучга киради. Вақтинчалик тақиқ орқали давлат никотинга бўлган қарамликни камайтириш, айниқса, ёшлар ўртасида электрон сигареталарнинг оммалашуви олдини олишни мақсад қилган.
Расмийлар таъкидлашича, сўнгги йилларда электрон сигареталар ёшлар орасида тез тарқалган бўлиб, бу саломатликка жиддий хавф туғдирмоқда. Шу сабабли, ушбу маҳсулотларнинг назоратсиз кириб келишини чеклаш орқали жамоат саломатлигини ҳимоя қилиш режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, Қозоғистонда электрон сигареталарни сотиш ва реклама қилиш 2024 йил июнь ойидан тўлиқ тақиқланган. Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулотларни тарқатишга нисбатан чекловлар жорий йил ноябрь ойидан кучга кирган эди.
Шу тариқа, Марказий Осиё давлатлари никотинли маҳсулотлар, хусусан электрон сигареталарга қарши қатъий чораларни босқичма-босқич жорий этиб, аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлигини асрашга жиддий эътибор қаратмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.